Намунавий лойиҳалар асосида маҳалла бинолари қурилади
Навоий вилояти маҳаллани қўллаб-қувватлаш кенгашининг ташкилий йиғилиши бўлиб ўтди.
Вилоят ҳокими Нормат Турсунов йиғилишда сўзга чиқиб, Президентимизнинг 2023 йил 21 декабрдаги “Маҳалла институтининг жамиятдаги ролини тубдан ошириш ва унинг аҳоли муаммоларини ҳал этишда биринчи бўғин сифатида ишлашини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ҳамда “Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси фаолиятини йўлга қўйиш ва маҳаллаларда бошқарув тизимини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорининг мазмун-моҳияти ҳақида тўхталди.
Йиғилишда маҳаллабай ишлаш тизимини янада кучайтириш, маҳалла “еттилиги” фаолиятини йўлга қўйиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганлиги таъкидланиб, маҳалла раисларига маҳалла ободлигини таъминлаш, “Обод маҳалла”, “Обод кўча”, “Обод хонадон” мезонларини жорий этишда аҳолининг фаол иштироки ва масъулиятини ошириш чораларини кўриш, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида дарахт ва бута кўчатлари экиш бўйича тарғибот ишларини амалга ошириш, миллий қадриятлар, урф-одатлар ва анъаналарни тарғиб қилиш, соғлом ижтимоий-маънавий муҳитни сақлаш чораларини кўриш вазифалари белгилаб берилганлиги айтиб ўтилди.
Эндиликда “Маҳалла баланси” ягона платформаси яратилиб, бундан буён, давлат органлари фақат ягона платформада юритиладиган ҳисоботларни сўрайди. “Маҳалла еттилиги”нинг фаолияти асосий самарадорлик кўрсаткичлари иш берувчилар томонидан уюшма билан келишилган ҳолда тасдиқланади. Бунда раисларнинг роли кучайтирилиб, барча аъзоларнинг KPI баҳолашнинг 20 фоизи маҳалла раислари томонидан амалга оширилади.
2024 йил 1 мартдан бошлаб эса “Темир дафтар”, “Ёшлар дафтари” ва “Аёллар дафтари” ҳамда Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси, аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш ва ҳунармандчилик ва касаначиликни қўллаб-қувватлаш жамғармалари орқали кўрсатиладиган жами 67 турдаги ёрдамлар ва субсидиялар “маҳалла еттилиги”нинг коллегиал қарори асосида амалга оширилади. Бунинг натижасида моддий ёрдам тайинлашнинг 5 босқичли тартиби 3 босқичга туширилади.
[gallery-15492]
2024 йил 1 январдан бошлаб маҳалла бюджетини шакллантириш ҳамда уларда шаклланадиган маблағларни “маҳалла еттилиги”нинг коллегиал қарорлари орқали инфратузилмани яхшилашга йўналтириш белгиланди.
Энди “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” платформалари “Маҳалла баланси” ягона платформасига интеграция қилинади. Бу эса маҳалла аҳолисини тўлиқ ушбу платформага киритиш, ёрдам олаётган шахслар тўғрисидаги маълумотни очиқлаш ва “маҳалла еттилиги” фаолиятига баҳо бериш имконини яратади.
Бундан ташқари, “Темир дафтар”ни юритиш вазифаси “Инсон” ижтимоий хизмат марказига ўтказилади. Бунда “Саховат ва кўмак” жамғармасидан ёрдамлар индивидуал дастурга асосан фуқароларнинг оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолишининг олдини олиш ва шундай вазиятга тушганларни оғир вазиятдан чиқаришга йўналтирилади.
Бугунги кунда вилоятда 330 та маҳалланинг 18 таси ўз биносига эга эмас. Бундан ташқари, маҳалла биноси бўйича коммунал тўловлар, канцелярия моллари ва бошқа харажатлар учун маблағлар ажратилмаслиги билан боғлиқ муаммолар ҳам мавжуд.
Ушбу масалаларнинг ечими сифатида фармонда “маҳалла еттилиги” учун қулай ва ихчам биноларни ўзида мужассам қилувчи маҳалла идораларининг намунавий биноси лойиҳасини ишлаб чиқиш ҳамда маҳаллий бюджетларнинг қўшимча манбалари, давлат-хусусий шериклик ва бошқа манбалар ҳисобидан ўз биносига эга бўлмаган маҳаллаларда биноларни уч йил муддатда барпо этиш белгиланди.
Йиғилишда Ўзбекистон маҳаллалари уюшмасининг таъсис конференциясида иштирок этиш учун 10 нафар делегат сайлаб олинди.
А.Бўриев, С.Аслонов (сурат), ЎзА мухбирлари