Наманганлик тадбиркорлар музқаймоқ экспортини кенгайтирмоқда
Янги Наманган туманида жойлашган “Обид файз БМ” масъулияти чекланган жамияти томонидан бир неча йилдан буён аҳоли эҳтиёжи учун турли ширинликлар ва музқаймоқ маҳсулотлари ишлаб чиқариб келинмоқда.
Ҳозирги кунда корхонада 25 нафар ишчи-ходим меҳнат қилмоқда. Ишлаб чиқариш қуввати эса ойига 80 тоннагача маҳсулот тайёрлаш имконини беради. Корхонада 10 турдаги ширинлик ва 5 турдаги музқаймоқ маҳсулотлари ишлаб чиқарилади. Маҳаллий музқаймоқ маҳсулотларининг ишлаб чиқарилиши ички бозор эҳтиёжини қондириш билан бирга, импортга бўлган қарамликни камайтиришда ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда.

Айни пайтда корхона маҳсулотлари нафақат ички бозорда, балки қўшни давлатларда ҳам харидоргир бўлиб келмоқда. Хусусан, ўтган 2025 йил давомида 25 минг АҚШ доллари қийматидаги маҳсулот Қирғизистон Республикасига экспорт қилинган.


Жорий йилда корхона томонидан 2,5 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш режалаштирилган бўлиб, 50 минг АҚШ доллари қийматидаги маҳсулотни ташқи бозорларга йўналтириш мўлжалланмоқда.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА