Наманганлик ўқувчининг инновацион лойиҳаси
Наманган шаҳридаги 20-умумтаълим мактабининг 7-синф ўқувчиси Яҳё Аҳмедов оддий велосипед конструкциясини такомиллаштириб, уни электр юритма асосида ҳаракатланувчи транспорт воситасига айлантирди.
Ихтирочиликка қизиқувчи ўқувчи велосипеднинг орқа ғилдирагига электр моторли узатма тизимини ўрнатган. Конструкцияда аккумулятор манбаи, электр мотор, шкив, тасма ҳамда бошқа механик узатиш элементларидан фойдаланилган.
Мазкур тизим электр мотор ҳосил қилган ҳаракатни ғилдиракка узатиб, транспорт воситасининг самарадорлигини оширади. Узатма механизмининг тўғри танланиши натижасида айланиш моменти мақбул тақсимланиб, велосипеднинг қияликлардаги ҳаракатланиш имкониятлари яхшиланган.
Синов натижаларига кўра, модернизация қилинган велосипед соатига тахминан 40 километр тезликка эриша олади.
[gallery-29719]
Техник ишланмани яратиш учун ўқувчи томонидан қарийб 1 миллион 200 минг сўм маблағ сарфланган. Айни пайтга қадар лойиҳага қизиқиш билдирган харидорлардан 10 дан ортиқ буюртма қабул қилинган.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА