Наманганлик ижодкорлар “Заковат”да баҳслашди
Наманганда Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси вилоят бўлими томонидан Наманган давлат педагогика институти билан ҳамкорликда Матбуот ва ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан "Заковат" интеллектуал ўйини ўтказилди.
Олий ўқув юртининг ахборот-ресурс марказида бўлиб ўтган билимдонлар баҳсида телевидение, радио, матбуот, ахборот хизматлари, интернет сайтлари нашрлари ва нашриётлар вакиллари, болгерлар ҳамда соҳада узоқ йиллар меҳнат қилган фахрийлардан иборат жамоалар иштирок этдилар.


Президентимизнинг 2022 йил 20 январдаги “Заковат интеллектуал ўйинини аҳоли ўртасида оммавий-маърифий ҳаракатга айлантириш ва бошқа интеллектуал ўйинларни ривожлантиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ташкил этилган ўйин давомида адабиёт, тарих, маданият, шунингдек, журналистика соҳасидаги ҳуқуқий-норматив ҳужжатлар ҳамда мантиқий, қизиқарли саволлар ўртага ташланди.

Ижодкорларинг ақлий салоҳияти, ҳуқуқий саводхонлиги ва китобхонлик билимларини синовдан ўтказган танловда барча саволларга зукколик ва топқирлик билан жавоб қайтарган Наманган шаҳридаги Бобораҳим Машраб номидаги нашриётнинг "Машраб беланчаги" жамоаси умумий ҳисобда “Заковат” ўйинлари ғолиби сифатида эътироф этилди. Матбуот нашрлари, ахборот хизматлари ва блогерлардан иборат "Ўзбекчилик" жамоаси фахрли иккинчи ўринни эгаллади. Учинчи ўрин вилоят “Наманган ҳақиқати" газетаси таҳририятининг "Ҳақиқат" жамоасига насиб этди.

Танловнинг ғолиблари ва фаол иштирокчилари ташкилотчиларнинг ташаккурнома ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Наманган вилояти бўлими раиси вазифасини бажарувчи Гулчеҳра Бувамирзаеванинг қайд этишича, фуқароларнинг интеллектуал салоҳияти ва билим даражасини ошириш, дунёқарашини кенгайтиришга қаратилган “Заковат“ ўйинлари келгусида журналистлар ўртасида анъанавий равишда йўлга қўйилади.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА