Наманганлик фидойи ва фаол тадбиркорлар тақдирланди
Президентимизнинг 20 август – Тадбиркорлар куни арафасида қабул қилинган фармон ва фармойишига асосан, тадбиркорликни ривожлантириш, ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, сармояларни жалб қилиш, янги иш ўринлари яратиш ва аҳоли фаровонлигини оширишда алоҳида жонбозлик кўрсатган фаол тадбиркорлар давлат мукофотларига муносиб кўрилди.
Жумладан, Наманган вилоятидан икки нафар ҳамюртимиз – Тўрақўрғон туманидаги “Наманган қўйчилик кластери” масъулияти чекланган жамияти таъсисчиси Аъзам Усмонов ҳамда Чуст туманидаги “Чуст текстиль” масъулияти чекланган жамияти таъсисчиси Жамшид Исматуллаев “Дўстлик” ордени билан тақдирланди.

Қолаверса, Учқўрғон туманидаги “Citrus city” масъулияти чекланган жамияти директори Носир Бекмуратов, Давлатобод туманидаги “Comfort cool system” масъулияти чекланган жамияти таъсисчиси Баҳодир Мамашаев, Янги Наманган туманидаги “Zarka” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Нигора Насимова, Наманган туманидаги “Yusuf bahor gullari” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Ойбек Нуриддинов, Наманган шаҳридаги гул етиштирувчи якка тартибдаги тадбиркор Насиба Рустамова ва “Grand textile service” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Руслан Садиков “Фаол тадбиркор” сифатида кўкрак нишонига сазовор бўлдилар.

Наманган шаҳридаги “Маърифат маскани” анжуманлар залида бўлиб ўтган тантанали маросимда тақдирланган юртдошларимизга давлат мукофотлари тақдим этилди. Мукофотларни ўз эгаларига Наманган вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Зуҳриддин Баҳриддинов топширди.
– Бизнинг Наврўз маҳалламиз гулчиликка ихтисослашган бўлиб, 7 ёшдан 70 ёшгача бўлганлар нафосат шайдоларидир. Камина ҳам раҳматли отамнинг ҳунарини давом эттириб, камлик кўрмадим. Оддий гулчиликдан бошлаган ишимиз бугунги кунда гулчилик кластери даражасига чиқди, – дейди “Фаол тадбиркор” кўкрак нишони соҳиби, Наманган туманидаги “Yusuf bahor gullari” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Ойбек Нуриддинов. – Қувонарлиси, маҳалламиздаги ҳар бир хонадоннинг гўзалликка ошуфталиги натижасида йиллик даромади 100 миллион сўмдан ошяпти, бу уларнинг оилавий манфаатдорлиги ортаётгани, фарзандларини ўқитиш, касб-корга йўналтириш, тўйини қилишдек хайрли мақсадларга йўналтираётгани демак.

Дарҳақиқат, гулчилик ишлаб чиқариш кооперативга қарашли 70 сотих ер майдонида 6,8 миллиард сўм маблағ ҳисобига барпо қилинган кластер мажмуада гул дўкони ва аҳолига маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари бунёд қилинди. Иссиқхоналарда меҳр билан парваришланаётган декоратив гуллар кўча ва хиёбонларни ободонлаштиришда қулай ва самарали усулга айланди. Хонадонларда гуллар парвариши асносида, янги гул уруғларини ҳам етиштириш йўлга қўйилган. Муҳими, гулчилик кластерининг ўзида йигирма, кооперация асосида эса уч юздан зиёд кишининг бандлиги таъминланмоқда.


Бундай юксак эътироф тадбиркорларнинг меҳнати ва ташаббусларига янада қанот ва руҳ бағишлаб, уларни келгусида янги лойиҳаларни амалга ошириш, ишлаб чиқариш ва экспорт салоҳиятини янада оширишдек улкан марраларни забт этишга ундайди.
Тадбирда мукофотланган тадбиркорлар Янги Ўзбекистон тараққиёти ва халқимиз фаровонлиги йўлидаги фаолиятини янада кучайтиришга сўз бериб, кўрсатилган эътибор ва юксак ишонч учун миннатдорлик билдирди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.