Намангандан Шаржа шаҳрига илк парвоз
Президентимиз раислигида шу йилнинг 19 сентябрь куни мамлакатимизнинг ички ва ташқи туризм салоҳиятини янада ошириш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида юртимиздаги ҳудудлараро ҳамда хорижий давлатларга авиақатновларни қўлга қўйиш борасида топшириқлар берилган эди.
Наманган халқаро аэропорти раҳбарияти томонидан мазкур вазифалар ижросини таъминлаш, қолаверса, йўловчиларга сифатли хизмат кўрсатиш, туризм ва зиёрат учун қулай бўлган мамлакатларга янги авиарейсларни йўлга қўйиш чоралари кўрилмоқда. Ўтган қисқа фурсатда водийнинг асосий ҳаво дарвозасидан учган самолётлар Россия Федерацияси, Қозоғистон, Бирлашган Араб Амирликлари, Қувайт ва Уммон каби мамлакатларга парвозларни амалга оширди.
Куни кеча Бирлашган Араб Амирликларининг “Air Arabia” авиакомпанияси билан ҳамкорликда “Шаржа – Наманган – Шаржа” йўналишида тўғридан-тўғри мунтазам авиақатновлар йўлга қўйилди.
[gallery-9779]
Рўйхатдан ўтиш олдидан Наманган халқаро аэропорти директори ҳамда “Air Arabia” авиакомпанияси мутасаддилари қизил лента кесиб, рамзий маънода Наманган – Шаржа йўналишидаги илк парвозга старт берди. Анъанага мувофиқ ҳаво кемаси аэропортда сунъий сув аркаси ҳосил қилиниб, карнай-сурнай садолари остида тантанали кутиб олинди.
Биринчи рейсда 170 нафар йўловчи “А-320” русумли ҳаво кемасида Намангандан Шаржа шаҳрига жўнаб кетди. Умумий ҳисобда 18-халқаро қатнов саналган “Шаржа – Наманган – Шаржа” йўналишидаги авиақатновлар ҳафтада уч марта – душанба, жума ва якшанба кунлари амалга оширилиши режалаштирилган.
Бу каби араб давлатларига авиайўналишларнинг ошиши Фарғона водийси вилоятларидан Ҳаж ва Умра зиёратларига йўл оладиган ҳамюртларимиз учун бир қатор қулайликларни яратиши билан муҳим аҳамиятга эгадир.
Оқилхон Дадабоев, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА