Наманганда йирик туризм лойиҳаси амалга оширилади
Президентимизнинг 2025 йил сентябрь ойида Наманганга ташрифи чоғида ҳудудларнинг бой табиий имкониятларидан самарали фойдаланиш, вилоят туризм салоҳиятини жадал юксалтириш орқали иқтисодиётни ривожлантириш, аҳоли фаровонлиги ва бандлигини таъминлаш борасида бир қатор лойиҳалар тақдим қилиниб, амалга ошириш қўллаб-қувватланган эди.
Наврўз умумхалқ байрами муносабати билан Наманган вилоятининг Камчиқ довонига туташ манзилида “Arashan Resort” йирик туристик мажмуаси қурилишига тамал тоши қўйилди.

Таъкидлаш жоизки, тоғолди ҳудуди ҳисобланган Поп туманида туризм тараққиёти йўлида ҳали фойдаланилмаган имкониятлар катта. Кейинги йилларда ана шу табиий бойлик — бетакрор ва мафтункор табиатдан оқилона фойдаланган ҳолда хорижий сайёҳлар оқимини кўпайтириш чора-тадбирлари кўрилмоқда. Хусусан, Арашан кўллар тизими атрофида барпо этилаётган “Arashan Resort” мажмуаси ана шундай истиқболли лойиҳалардан биридир.

Тадбиркор Элмурод Қўшмуродов томонидан ишлаб чиқилган, умумий қиймати 150 миллион АҚШ долларига тенг мазкур лойиҳа 600 гектар майдонда ташкил қилинади ҳамда замонавий туризм инфратузилмасига эга бўлган йирик дам олиш ва саёҳат марказига айланади.

Мажмуа қурилишига тамал тоши қўйиш маросимида вилоят ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ва ташкилотлари раҳбарлари, жамоат бирлашмалари ва оммавий ахборо воситалари вакиллари, нуронийлар, Поп тумани фаоллари иштирок этдилар.

Тақдимот тадбирида Наманган вилояти ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Шавкат Абдураззоқов туризм йўналишидаги янги лойиҳа вилоят, умуман водий минтақаси учун муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади. Қайд этилганидек, лойиҳа тўлиқ ишга туширилгандан сўнг, Арашан кўлларида кунлик 2,5 мингдан зиёд туристларни қабул қилиш, йиллик 912 минг сайёҳга хизмат кўрсатиш, 2 мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратиш имконияти юзага келади.

Лойиҳа қурилиши раҳбари Баҳром Музаффаровнинг таъкидлашича, “Arashan Resort” мажмуасисида экологик туризм зоналари, экстремал ва тоғ туризми инфратузилмалари, гастрономик туризм марказлари, саёҳат ва маданий дам олиш масканлари, рекреацион ва соғломлаштириш ҳудудлари барпо қилинади. Қолаверса, тематик парклар, тоғ чанғиси комплекслари, уч ва тўрт юлдузли меҳмонхоналар ҳамда меҳмон уйлари, беш гектарлик сунъий кўл, 17 километр узунликдаги аттракцион ўйинлар, 10 километр масофа бўйлаб канат, зиплайн, ресторан ва кафелар, очиқ осмон остидаги кинотеатр, экобозор, болалар майдончалари, спорт майдонлари ҳамда сув бассейнлари қурилади. Умуман олганда, маҳалий ва хорижий сайёҳларнинг йил давомида, барча фаслларда мароқли ҳордиқ чиқариши учун етарли шарт-шароитлар яратилади.
Эътиборлиси шундаки, йирик лойиҳа Япониянинг нуфузли “NGEA – Nippon Global Education and Assessment” компанияси билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда. Бу эса мажмуанинг халқаро стандартлар асосида барпо этилишига хизмат қилади. Лойиҳанинг ҳар бир босқичи экология ва хавфсизлик талабалари асосида олиб борилиши учун Австрия давлатидан етакчи қурилиш компанияларининг экспертлари жалб этилади.
Тамал тоши қўйиш маросимида яхши ниятлар билан жонлиқ сўйилиб, нуронийлар дуоси билан эзгу ишга оқ фотиҳа берилди.
Эл суйган хонандалар ижросидаги тантанали концерт дастури чин маънода Наврўз шукуҳига файз киритиб, йиғилганларга баҳорий кайфият улашди.
Оқилхон Дадабоев, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА