Наманганда чуқурлаштирилган тиббий кўрик марафони давом этмоқда
Наманган шаҳрида жорий йилнинг 1–27 май кунлари аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, касалликларни эрта аниқлаш ва профилактика тадбирлари самарадорлигини ошириш мақсадида чуқурлаштирилган тиббий кўрик марафони ташкил этилди.
Марафон доирасида Наманган шаҳри, Янги Наманган ва Давлатобод туманларидаги кўп тармоқли марказий поликлиникалар ҳамда оилавий поликлиникаларда аҳоли учун бепул тиббий кўриклар ўтказилмоқда. Шу кунга қадар 55 минг нафардан ортиқ фуқаро тиббий текширувдан ўтказилди.
Вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида бугун 7 нафар беморда жарроҳлик амалиёти ўтказилиши режалаштирилган.
Наманган шаҳридаги 5-оила поликлиникаси ҳам мазкур тадбирларда фаол иштирок этмоқда. 150 қатнов қувватига эга тиббиёт муассасаси икки бинодан иборат бўлиб, унинг Ҳамза филиали ҳам аҳолига хизмат кўрсатади.
[gallery-29473]
Поликлиникада 110 нафар тиббиёт ходими меҳнат қилмоқда. Улар орасида 14 нафар оила шифокори, 4 нафар тор доира мутахассиси ва 75 нафар ўрта тиббиёт ходими бор. Муассаса 31 минг 278 нафар аҳолига тиббий хизмат кўрсатиб келмоқда. Шундан 15 минг 177 нафари аёллар, 12 минг 281 нафари эса 18 ёшгача бўлган болалардир.
Тиббий кўриклар давомида аҳоли ўртасида қатор скрининг текширувлари ташкил этилмоқда. Хусусан, 40 ёшдан юқори фуқароларни юрак-қон томир касалликлари бўйича текшириш режасига киритилган 716 нафарнинг 393 нафари кўрикдан ўтказилди. Натижада 8 нафарда касаллик илк бор аниқланди.
Қандли диабет касаллигини эрта аниқлаш мақсадида режалаштирилган 652 нафар фуқаронинг 446 нафари текширувдан ўтказилиб, 3 нафарда касаллик белгилари қайд этилди.
Шунингдек, 2–10 ёшли болалар ўртасида гельминтоз касалликларини аниқлаш бўйича 422 нафар бола текширувдан ўтказилиб, 82 нафарида касаллик ҳолати кузатилди. Болаларга профилактика мақсадида “Албендазол” дори воситалари тарқатилди.
3–18 ёшли болалар ўртасида онкогематологик касалликларни эрта аниқлаш бўйича ўтказилган тиббий кўрикларда 402 нафар бола текширилди. Ҳозирча касаллик ҳолатлари қайд этилмаган.
Сил касаллигини эрта аниқлаш мақсадида кўчма рентген аппарати ёрдамида 131 нафар аҳоли флюорографик текширувдан ўтказилди. Натижада 1 нафар фуқарода касаллик белгилари аниқланди.
Тиббий кўриклар жараёнида сурункали касаллиги бор фуқароларга бепул дори-дармон воситалари тарқатилиб, кундузги шифохонада даволаниши таъминланмоқда.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/VvRvwPJlVKI?si=9xsN3cFxpkfzG1GJ" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Ҳотам Мамадалиев(сурат,видео),ЎзА