Наманганда «Аякс» футбол академияси очилди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан Наманган шаҳрида Нидерландиянинг машҳур «Аякс» футбол клуби академияси ўз фаолиятини бошлади.
Академиянинг тантанали очилиш маросимида Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов, нуронийлар, спорт фахрийлари, ёш футболчилар, мухлислар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Тадбирда таъкидланганидек, академия «Навбаҳор» футбол клуби билан ҳамкорликда ташкил этилган бўлиб, унда нидерландиялик мутахассислар ёш футболчиларни Европа футболида қўлланилаётган замонавий тайёргарлик тизими асосида машғулотларга жалб этади.
[gallery-31191]
Лойиҳадан кўзланган асосий мақсад иқтидорли ёшларни кашф этиш, уларнинг маҳоратини ошириш ва миллий ҳамда халқаро мусобақаларда муносиб иштирок эта оладиган футболчиларни тайёрлашдан иборат.
Сўнгги йилларда Наманган вилоятида футболни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, Жаҳон чемпионати–2026 саралаш босқичида «Навбаҳор» клуби футболчилари Ўткир Юсупов ва Русланбек Жиянов Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафида майдонга тушди.
Давлатимиз раҳбарининг жорий йил июнь ойида Наманган вилоятига ташрифи чоғида «Марказий» стадион ҳамда «Аякс» академияси фаолиятини йўлга қўйиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Шу асосда стадион майдони халқаро талаблар асосида реконструкция қилиниб, футболчиларнинг самарали машғулот олиб бориши учун замонавий шароитлар яратилди.
«Аякс» академиясининг Наманганда фаолият бошлаши вилоятда болалар ва ўсмирлар футболи ривожини янги босқичга олиб чиқиш, иқтидорли ёшларни саралаш ва уларнинг маҳоратини оширишга хизмат қилиши кутилмоқда.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ(сурат),ЎзА