Нагоя ва Самарқанд ҳамкорлиги ривожланади
Самарқанд вилояти ҳокими Э. Турдимов мамлакатимизда меҳмон бўлиб турган Нагоя шаҳри мэри Такаси Кавамура бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.
Самарқанд вилояти ҳокими Э. Турдимов мамлакатимизда меҳмон бўлиб турган Нагоя шаҳри мэри Такаси Кавамура бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.
Учрашувда Ўзбекистон ва Япония ўртасида икки томонлама ҳамкорлик алоқалари тобора ривожланиб бораётганлиги алоҳида қайд этиб ўтилди.
Жумладан, вилоят ҳокими Э. Турдимов Нагоя шаҳри мэри Такаси Кавамуранинг Самарқандга ташрифи билан қутлаб, ўзбек-япон ҳамкорлик алоқалари қадимдан ривожланиб келганлигига эътибор қаратди. Айни пайтда Самарқанд шаҳридаги “Афросиёб” музейида сақланаётган деворий суратлардаги япониялик элчиларнинг тасвири ҳам бунинг ёрқин мисоли эканлигини қайд этиб ўтди. Икки давлат ўртасидаги қадимий ҳамкорлик бугун ҳам юқори даражада бўлиши лозимлигини таъкидлаб, жорий йилда Япониядан Самарқанд шаҳрига 60 та чартер рейслари ташкил қилинганлигини маълум қилди. Самарқанд автомобиль заводида японияликлар билан амалга оширилаётган ҳамкорликдаги лойиҳалар натижасида эришилаётган муваффақиятларни таъкидлади.

Ўз навбатида жаноб Такаси Кавамура ҳам илиқ муносабатлар учун вилоят ҳокимига ўз миннатдорчилигини билдириб, Нагоя Япониянинг саноат шаҳри эканлигини, келгусида саноат йўналишидаги лойиҳалар бўйича ҳамкорликни амалга оширишга хайрихоҳлигини таъкидлади. Транспорт, коммуникация ва ахборот технологиялари бўйича йирик компаниялар айнан Нагоя шаҳрида жойлашганлигини қайд этди.
Учрашув давомида ўзаро фикр алмашиш жараёнида трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш, лифтсозлик соҳаларида ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш, таълим бўйича алмашинув дастурларини амалга ошириш, озиқ-овқат маҳсулотлари экспортини йўлга қўйиш, ўзаро туризмни ривожлантириш масалалари бўйича амалий таклифлар билдирилди. Вилоят ҳокими мазкур йўналишлардаги ҳамкорликни амалга ошириш бўйича Нагоя ишбилармонларининг Самарқандга таклиф этиш ва кичик бизнес форуми ўтказишни таклиф қилди. Нагоя расмийлари ҳам бу таклифни маъқуллаб, делегация таркибида туризм йўналиши бўйича мутасаддилар ҳам ташриф буюрганлигини маълум қилиб, ташрифнинг асосий йўналишларидан бири туризм соҳасида бой тажрибага эга Самарқанд билан ҳамкорликни амалга ошириш эканлигини таъкидлашди. Чунки, саноат шаҳри ҳисобланган Нагояда туризм соҳасини ривожлантириш бугунги кунда энг долзарб масалалардан бири сифатида қаралаётгани, шу пайтгача бу соҳа эътибордан четда қолганлиги таъкидланди.

Шундан сўнг, Нагоя делегацияси “Конигил мерос” хусусий корхонасида Самарқанд қоғозини ва “Самарқанд-Бухоро ипак гилами” қўшма корхонасида ипак гилам маҳсулотлари ишлаб чиқариш жараёнлари билан яқиндан танишишди. Ҳар иккала корхона маҳсулотлари меҳмонларда катта таассурот қолдирди.
Ташриф давомида меҳмонлар Самарқанд шаҳридаги тарихий обидалар билан танишди.
– Японияликларнинг Самарқанд шаҳрига қизиқиши жуда юқори, шу жумладан Нагояда ҳам, – дейди жаноб Такаси Кавамура. – Бу бежизга эмас экан, бугун шаҳарнинг диққатга сазовор жойларини ўз кўзим билан кўриб, бунга амин бўлдим. Самарқанд ҳақида эшитганлари ҳақиқат экан. Биз туризм соҳаси бўйича Самарқанд билан ҳамкорлик қилишдан хурсандмиз ва бу тез орада ўз натижасини беради, деб ўйлайман.