Табиий газдан тўғри фойдаланиш мақсадида тарғиботлар олиб борилаётган бўлса-да, баъзи истеъмолчилар ноқонуний ёки қоидабузарликларга йўл қўймоқда. Газ таъминоти филиали ҳамда филиалнинг “Моддий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва коррупцияга қарши сиёсатни амалга ошириш” бўлими масъул ходимлари томонидан олиб борилаётган рейд тадбирлари давомида бу каби ҳолатларга чек қўйилмоқда.
Вилоятнинг “Бухоро” тумани Деҳча маҳалласида яшовчи фуқаро М.Ш.нинг хонадони кўздан кечирилганида, табиий газдан яширин ҳолатда фойдаланганлиги аниқланди. Фуқаро табиий газдан ноқонуний фойдаланиб, газ таъминоти корхонасига 41 516 800 сўм миқдорида зарар етказган. Шунингдек, Вобкент маҳалласида истиқомат қилувчи фуқаро Т.Ш.нинг хонадони кўздан кечирилганида табиий газдан яширин ҳолатда фойдаланиб, 17 245 800 сўм миқдорида зарар етказган.

Бухоро шаҳрининг Отбозор маҳалласида яшовчи фуқаро Р.Х. хонадони кўздан кечирилганида, истеъмолчи табиий газдан ноқонуний фойдаланганлиги натижасида газ таъминоти корхонасига 7 442 760 сўм миқдорида зарар етказилганлиги аниқланди.
Шунингдек, вилоятнинг Ромитан тумани Қаҳрамон маҳалласи Сараён қишлоғида яшовчи фуқаро Б.Т. 42 227 720 сўм, Ғиждувон тумани Дилкушо маҳалласида яшовчи фуқаро Ш.Р. 164 миллион 736 минг сўмлик газдан ноқонуний фойдаланган.
Ушбу ҳолатлар юзасидан барча ҳужжатлар расмийлаштирилиб, тегишли тартибда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора вакилларига топширилган.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.