Жорий йил 21-25 апрель кунлари Бадиий академия ва қатор вазирлик, ташкилотлар ҳамкорлигида республикамиз бўйлаб 2025 йил – “Атроф-муҳитни асраш ва «яшил» иқтисодиёт йили”га бағишланган Халқаро анъанавий Тасвирий ва амалий санъат фестивали ўтказилади.
Шу муносабат билан Ўзбекистон Бадиий академиясида фестиваль олдидан матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Унда Бадиий академия мутасаддилари томонидан халқаро санъат ҳафталигини ўтказиш тўғрисида батафсил ахборот берилди.
Таъкидланганидек, фестиваль Ўзбекистон Республикаси Президентининг соҳага оид бир қатор қарорлари ҳамда Вазирлар Маҳкамаси Баёни ижросини таъминлаш мақсадида Бадиий академия ва қатор вазирлик, ташкилотлар ҳамкорлигида республикамиз бўйлаб ўтказилади.
Халқаро анъанавий Тасвирий ва амалий санъат фестивали миллий санъатимизнинг бой меросини тарғиб этиш, ўзбек тасвирий ва амалий санъати ютуқларини кенг танитиш, ижодий алмашинув, янги истеъдодларни юзага чиқариш, устоз-шогирд анъаналарини давом эттириш, замонавий тасвирий ва амалий санъатда кечаётган долзарб жараёнларни ўрганиш орқали турли халқлар ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорлик ришталарини мустаҳкамлаш, жаҳон миқёсида ижодий ҳамкорлик кўламини кенгайтиришга хизмат қилмоқда.

Фестивалда Тошкент шаҳри, вилоят марказлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси кўргазма залларида таниқли хорижий ва маҳаллий ижодкорлар, усталарнинг сараланган асарлари асосида кўргазмалар, маҳорат дарслари, бадиий дастур намойишлари ва бошқа маданий-маърифий тадбирлар, халқаро илмий конференциялар, олий ва ўрта, ихтисослашган ва умумий таълим муассасаларида таҳсил олаётган ёш ижодкорларнинг ижодий лойиҳалари (кўргазмалар, маҳорат дарслари, либослар кўриги) намойиши ташкил этилади.
Фестивалга халқаро миқёсда қизиқиш катта. Бадиий академия 2023 йилдан бошлаб Халқаро туркий маданият ташкилоти – ТУРКСОЙ билан тасвирий санъатда самарали ҳамкорлик қилиб, туркий олам яратувчанлигини кўрсатувчи турли ижодий лойиҳаларни муваффақиятли амалга оширмоқда. Ушбу ташкилотга аъзо бўлган Озарбайжон, Туркия, Туркманистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон рассомларининг кўргазмасини ўтказиш анъанага айланди.
Дастурга кўра, бу йил Ўзбекистон тасвирий санъат галереясида ТУРКСОЙ давлатларидан 21 нафар аёл рассомнинг "Турк дунёсининг аёл рассомлари" номли халқаро кўргазмаси ташкил қилинади.
Ўзининг санъати, маданияти билан дунё тамаддунига беқиёс ҳисса қўшиб келаётган туркий давлатларнинг бугунги замонавий ҳаётида ҳам аёлларнинг ўрни юксак. Бу тасвирий санъатда ҳам яққол намоён бўлмоқда. Аёлларимизнинг матодаги ижоди уларнинг ўзлигини, иқтидорини, яратувчанлик салоҳиятини, заминни елкасида тутиб туришдек қудратини намойиш этаяпти.
“Турк дунёсининг аёл рассомлари” кўргазмаси айтиш жоизки, замонавий санъат ва маданиятимиз ҳаётида муҳим воқелик бўлди. Бу лойиҳа туркий аёл рассомларнинг ижод орқали дунёга ўз айтар сўзи, фикри борлигини англатади.
Россия рассомлари кўргазмаси, маҳорат сабоқлари, Туркия рассомлари кўргазмалари ўрин олган.
Фестиваль дастурига иккита илмий-амалий конференция ҳам киритилган. Вилоятларга Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмасига аъзо академиклар, рассомлар, усталар сафарбар этилади, улар маҳорат дарслари ўтишади.
Доимгидек, бу йил ҳам “Камолиддин Беҳзод издошлари” миниатюра ва халқ амалий санъати танлови ғолиблари эълон қилиниб, тақдирланади, иштирокчилар кўргазмаси тақдим этилади.
Хорижий иштирокчиларни юртимиз маданий мероси, тарихий осори-атиқалари билан яқиндан таништириш мақсадида Самарқанд шаҳрига бир кунлик саёҳат уюштирилади.
Н.Усмонова, ЎзА мухбири