Музейлар кунида маҳорат дарслари
Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъати музейида Халқаро музейлар куни муносабати билан “Миниатюра”, “Хаттотлик”, “Қўлда қоғоз тайёрлаш” санъати йўналишларида маҳорат дарслари ташкил қилинди.
Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъати музейининг миниатюра бўлими бошлиғи Саида Жалилова қўлда қоғоз тайёрлаш усулларини маҳорат дарслари орқали намойиш этиб берди. Маълумки, миниатюра каллиграфия, саҳифаларни зийнатлаш, муқова безаги билан бир қаторда қўлёзманинг энг асосий мураккаб декоратив унсурларидан бирини ташкил қилади.
Миниатюранинг асосий аҳамияти матн мазмунини тушунтириш ва, умуман олганда, дунёвий характерга эга бўлган асарларни безашдан иборат. Миниатюра қадимги нодир қўлёзмаларни зийнатлаш билан бирга, мазкур асарлардаги илғор инсонпарварлик ғоялари, олижанобликка интилиш ҳисси, гўзаллик тўғрисидаги тасаввурни ифодалашга ҳам хизмат қилади.
[gallery-2437]
Бадиий санъат амалиётида ҳам миниатюра муҳим ўрин эгаллай бошлади. Бу борада қуйидаги ўзгаришлар юз бермоқда, ёш истеъдодлар миниатюра сир-асрорларини ўрганиб, янгидан- янги асарлар яратмоқда. Миниатюранинг тикланиши ва ривожланиши ўзбек маданияти ва санъати равнақининг муҳим қисми сифатида намоён бўлмоқда.
Миниатюра ва хаттотлик йўналиши бўйича маҳорат дарсларида эса Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъати музейи ходими Бахтиёр Дедашев хаттотлик санъатининг яратилиш тарихи ва йўналишларини кўрсатиб берди. Хаттотлик санъатига тўхталсак, бу санъат энг гўзал ва нафис санъат ҳисобланади.
Хаттотлик араб тилида "ҳуснихат ёзувчи" деган маънони билдириб, ёзув (хат) санъати, китоб кўчириш ҳамда меъморий иншоотлар, бадиий буюмлар китобатини яратиш касбини англатади. Шарқ халқларининг кўп асрлик тарихий меросида китобат санъати алоҳида ўрин эгаллайди.
Араб ёзувининг 100 дан ортиқ тури мавжуд. 28 ҳарфдан иборат бўлган араб алифбосининг дастлабки шакли "Хатти маъқалий" бўлиб, тик чизиқлар билан ифодаланган. VII асрдан бошлаб унинг ўрнини араб ёзувининг энг қадимийси ва машҳури ҳисобланган "Хатти куфий" эгаллайди, сўнгра хатти маъқалий ва куфий хати асосида араб ёзувининг санъаткорона яратилган 8 хил асосий услуби майдонга келган. Булар: сулс, насх, муҳаққақ, райхоний, тавқиъ, риқоъ, девоний ва настаълиқ хатлари ҳисобланади.
Гулноза Бобоева, ЎзА