“Мутолаа марраси” – ёшлар тафаккурини юксалтиришга қаратилган янги лойиҳа
Сирдарё вилоят ёшлар ишлари бошқармаси томонидан китобхонлик маданиятини ёшлар орасида янада кенг тарғиб қилиш, уларнинг мутолаага бўлган қизиқишини кучайтириш мақсадида “Мутолаа марраси” номли янги лойиҳа йўлга қўйилди.
Мазкур лойиҳа доирасида 200 нафардан ортиқ ёшлар бир майдонда жам бўлиб, “Мутолаа” мобил иловаси орқали Саид Аҳмаднинг “Ўн саккиз ёшинг” ҳикоясини оммавий тарзда тингладилар. Асар мазмунини янада мустаҳкамлаш мақсадида олдиндан тайёрланган 20 та тест саволи иштирокчиларга тақдим этилиб, улар томонидан бажарилди.

Лойиҳа ёшларни фақат китоб тинглашга эмас, балки таҳлил қилиш, фикрлаш ва мустақил хулоса чиқаришга йўналтириши билан ҳам аҳамиятли бўлди. Тадбир якунида энг яхши натижа кўрсатган 3 нафар иштирокчи вилоят ёшлар ишлари бошқармаси томонидан дипломлар ҳамда “Mutolaa Premium” карталари билан тақдирланди.

– Янги лойиҳага “Мутолаа марраси” деб ном бердик. 200 дан зиёд ёшлар бир жойда жам бўлиб, “Мутолаа” иловасидаги битта ҳикояни оммавий тарзда тинглаяпмиз. Ушбу ҳикоя асосида 20 та тест саволи тайёрладик, асар якунлангач, иштирокчилар тестларни ечдилар. Кучли учликни алоҳида рағбатлантирдик. Биринчи машғулот учун Саид Аҳмаднинг “Ўн саккиз ёшинг” ҳикояси танланди, – деди Сирдарё вилоят ёшлар ишлари бошқармаси бошлиғининг китобхонликни ривожлантириш бўйича маслаҳатчиси Ёрқинжон Ҳайитбоев.

“Мутолаа марраси” лойиҳаси эндиликда ҳар ҳафтада бир маротаба ўтказилиши режалаштирилган бўлиб, ёшлар орасида китобхонлик маданиятини янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.
Ғулом Примов, ЎзА