Мусобақа ғолиблари аниқланди
Бухоро давлат университети ҳузуридаги Универсал спорт мажмуасида Бухоро вилояти олий таълим муассасалари раҳбар ходимлари ўртасида мини-футбол, стол тенниси ва шахмат, баскетбол, волейбол бўйича “Вазир кубоги” спорт мусобақалари бўлиб ўтди.
Тадбир олий таълим муассасалари ўртасида соғлом турмуш тарзини оммалаштириш, спортни тарғиб қилиш ва ёшларни спортга жалб этиш мақсадида ташкил этилди.

Дастлаб Бухоро вилояти спорт бошқармаси ҳамда Бухоро вилояти олий таълим муассасалари ўртасида талаба-ёшларини спортга кенг жалб этиш, улар ўртасида оммавий спортни ривожлантириш, зарур шароитлар яратиш, соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш мақсадида қўшма қарор ҳамда ҳамкорлик меморандумлари имзоланди.

Университетда “Универсиада-2025” спорт мусобақаларида совриндор бўлган баскетбол жамоаси ҳамда спортнинг волейбол тури бўйича “Бухоро вилояти ҳокими кубоги” мусобақаси ғолиблигини қўлга киритган БухДУ волейбол йигит ва қизлар жамоалари вилоят мутасадди раҳбарлар томонидан тақдирланди. Уларга медаллар ва ташаккурномалар топширилди.

Ушбу тадбир университет раҳбарлари ва иштирокчи ташкилот вакиллари томонидан қўллаб-қувватланди. Бу эса келгусида спорт соҳасидаги ҳамкорлик ва қўшма лойиҳаларни янада ривожлантиришга туртки бўлади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири