Мурожаатларнинг энг кўп қисми ўқишни кўчириш, қайта тиклаш, контракт тўлови каби масалалар билан боғлиқ
Жорий йилнинг ўтган 8 ойи давомида Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигига жисмоний ва юридик шахслардан 6 мингдан ортиқ мурожаат келиб тушган бўлиб, бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 4,7 фоизга камайган.
Келиб тушган мурожаатларнинг 2 минг 903 таси бевосита вазирликда қабул қилинган, 2 минг 625 таси Ўзбекистон Республикаси Президенти виртуал қабулхонаси, 514 таси юқори турувчи ташкилотлар ҳамда бошқа идоралар, 238 таси Президентнинг Халқ қабулхоналари, 137 таси прокуратура органлари ва 53 таси бошқа манбалар орқали юборилган.
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги матбуот хизмати томонидан тақдим этилган маълумотларга кўра, мурожаатларнинг 80,4 фоизи қаноатлантирилган, қолганларига қонунчилик асосида ҳуқуқий тушунтириш бериш орқали ечим топилган. Мурожаатларнинг асосий қисмини ўқишни кўчириш ва қайта тиклаш, қабул жараёнлари, диплом бериш, контракт тўлови, талабалар билимини баҳолаш ва якуний давлат аттестацияси каби масалалар ташкил этди.
Қайд этилишича, вазирликнинг Ишонч телефони хизматига 24/7 режимида интеллектуал маслаҳат бериш ва мурожаатларни тезкор таҳлил қилиш учун сунъий интеллект (СИ) технологиялари жорий этилмоқда. Фуқаролар ва талабалар таълим сифатига оид мурожаат ва таклифларини ортиқча қоғозбозликсиз телеграмдаги “Eduuz bilan muloqot” гуруҳи орқали юборишлари ҳамда расмий саҳифадаги “Сўраган эдингиз” рукни орқали жавоб олишлари мумкин.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА