Муқаддас ва енгилмас куч тантанаси
Уруш майдонларида аёлларимиз жасорати ҳақида....
Ўзбекистондан 4 минг 555 нафар хотин-қиз Иккинчи жаҳон уруши йилларида фронтда эркаклар билан бир сафда туриб, ўз матонат ва жасоратининг мисли кўрилмаган намуналарини намойиш этди. Манбаларда қайд этилишича, 1941 йил июлининг дастлабки тўрт кунида фронтга юборишни сўраб ёзилган аризалар сони 1875 та бўлган бўлса, 9 августга келиб уларнинг сони 14 мингтага етган. Шундан қарийб 6 минги хотин-қизлар эди.
Урушнинг дастлабки кунларида Тошкент, Самарқанд, Фарғона ва бошқа вилоятлар фронтга минглаб кўнгиллиларни берди. Тошкент вилояти бўйича кўнгиллиларнинг 932 тасидан урушга бориш тўғрисидаги ариза келиб тушди, улардан 356 таси хотин-қизлар эди. Бу аризалар кундан-кунга кўпайиб борди.
Уруш шароити санитария ҳамшираларини анча кўпайтиришни, барча аҳолини санитария мудофаасига тайёрлашни талаб қиларди. Республиканинг барча вилоят, шаҳар, туманларида сандружиналар ташкил қилинди.
Уруш бошлангандан кейин бир ой ўтгач ҳамширалар тайёрлаш курсларини очиш, шифокорларни қайта тайёрлаш ва кичик тиббиёт ходимларини тайёрлаш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш халқ комиссарлиги Марказий қўмитасининг қарорига мувофиқ, 1941 йил 20 сентябргача 1489 нафар ва йил охиригача 3670 нафар шифокор ва 500 нафар ҳамширани қайта тайёрлаш мўлжалланди.
1941 йил сентябрь ойига келиб, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида 168 нафар тиббиёт ходими қайта тайёргарликдан ўтган эди. Шу билан бирга, вилоят бўйича Ҳаво ҳужуми ва кимёвий ҳужумдан ҳимоя тўгаракларида 230 нафар захирадаги ҳамширалар тайёрланди, яна 4048 нафар киши ўқишни давом эттирди.
Вилоят марказларида қисқа муддатли тиббиёт ҳамширалари тайёрлаш курслари очилди. Ўқиш муддати 2 ойдан 6 ойгача бўлган бу курсларда хотин-қизлар ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда ўқиди. 1941—1945 йиллар мобайнида республикадан жами 8 минг 54 нафар тиббиёт ҳамшираси, 22 минг 658 нафар сандружиначи ва 1382 нафар санитар ходим тайёрланди. Тайёрланган ҳамшираларнинг аксарияти фронтга жўнатилди.
1942 йил баҳорда Самарқанд ва Тошкент тиббиёт институтларини битириб, фронтга отланган 20 нафар ёш врачлар орасида Нури Шокирова, Пўлатой Қодирова, Собира Мажидова сингари ўзбек қизлари, профессор М.Ашрапова, тиббиёт фанлари номзоди З.Ҳасанова, Ф.Рамазоновалар бор эди. Шифокор ўзбек аёллари бутун фронт бўйлаб ярадор жангчи ва зобитларга тиббий ёрдам беришда қахрамонлик кўрсатди, ҳаттоки ўз жонларини ҳам аямадилар. Шунингдек, хоразмлик Х.Якубова Тошкент тиббиёт институтини битиргач, дарҳол фронтга жўнаб, у ерда 3 йил хизмат қилади. Фронт жанггоҳларида икки маротаба ярадор бўлиб, қулоғи эшитмай қолади. Шундай бўлса-да, у фронтни ташлаб кетмайди. Жануби-ғарбий, Сталинград, 2-Болтиқ бўйи фронтларида хирургия взводи мотобригадасининг хирург врачи, кейин полк врачи лавозимларида мардонавор хизмат қилади. Х.Якубова тиббиёт хизмати капитани даражасига сазовор бўлган. У уруш йилларида ярадор аскарларни даволашда кўрсатган жонбозлиги учун орден билан тақдирланган.
Яна бир ҳарбий шифокор, камтар ўзбек қизи Анвара Муҳаррамова Украина фронтида медицина-санитария батальонининг моҳир жарроҳи сифатида фаолият юритиб, ўзининг самарали меҳнати билан фашизм устидан қозонилган ғалабага муносиб ҳисса қўшди.
Ўлимларни доғда қолдириб, ғалаба билан қайтган минглаб жангчилар жароҳатига малҳам бўлган Муқаддам Ашрапованинг номи ўзбек шифокорларининг том маънодаги рамзига айланди. 155-ўқчи дивизияси 786 полк шифокори - ўзбек халқининг фахри Муқаддам Ашрапова IV Украина фронти жанг майдонида тиббий ёрдам кўрсатиб, душман ўқи остида кўпинча ярадорларни ҳамширалар билан биргаликда олиб чиқиб, жасорат кўрсатганида атиги 24 ёшда эди.
У Орёл, Белгород, Курскни озод қилиш жангларида иштирок этган юзлаб жангчиларнинг ҳаётини сақлаб қолди. Прагагача бўлган жанговар йўлни босиб ўтди. Кейинчалик Курск ёнидаги госпиталда ҳарбий жарроҳ бўлиб, кунига 200 дан ортиқ мураккаб операциялар ўтказиб, кўплаб ярадорларни ўлимдан сақлаб қолди.
Урушдан кейин тиббиёт фанлари доктори, профессор Муқаддам Ашрапова кўп йиллар давомида Тошкент тиббиёт институтининг иккинчи жарроҳлик клиникасига раҳбарлик қилиб келди. У ёшларга жарроҳликдан сабоқ бериш билан бирга ўзи ҳам мудом жарроҳлик столидан нари кетмади. Бу ўзбек аёлининг «Соғлом авлод учун» медалига тақдим этилгани, унинг меҳнатига берилган муносиб баҳо бўлди.
Қашқадарёлик Жамила Ҳусаинова бир неча ой Бухорода ҳарбий тайёргарликдан ўтганидан сўнг, ўзбек миллий бригадаси 165- тиббий ёрдам ротасида меҳнат қила бошлади. Жамила Ҳусаинова биринчи бор шимолий Дон дарёси бўйида жангга кирган, сўнгра жануби-ғарбий фронт чизиқларида, Украинани озод қилиш учун бўлган жангларда иштирок этган ва кўрсатган жасоратлари учун бир неча бор жанговар медаллар соҳибаси бўлган.
Шунингдек, Словения, Босния-Герцоговина, Сербия, Македония ҳудудларида фашистларнинг сараланган дивизияларига қарши аёвсиз жангларда самарқандлик Галина Гриценко жасорат билан курашиб, ўз номини абадий шарафга буркади. Уруш йилларида фронтда кўрсатган жасоратлари учун 170 минг нафар ўзбекистонлик жангчилар турли жанговар орден ва медаллар билан тақдирланди. Бу мукофотлар орасида Польша, Венгрия, Франция, Италия ва бошқа мамлакатларнинг ҳам орден ва медаллари бор эди. Улар орасида 300 минг жанговар орден ва медаллар соҳиби бўлган аёллар ҳам бор эди.
Урушнинг дастлабки йилларида 1-ўзбек делегацияси тушган ва совға-саломлар ортилган поездни бошқариб борган машинист Башорат Мирбобоева, фронтда душманга қарши жангларда мардларча фидойилик кўрсатиб, муносиб тақдирланган жангчилардан Роза Иброҳимова, Зебохон Ғаниева, Раҳима Алимова, Азизахон Қаландарова, Шарофат Эшонхўжаева, Хосият Усмонова, Сора Шукурова, Собира Мажидова, Саломат Сангинова, биринчи тракторчи аёл Қумрихон Ёқуббоеванинг қизи Муҳаббатхон Исмоилова кабилар ўлим билан юзма-юз туриб, чинакам қаҳрамонлар сафидан жой олди. Муҳаббатхон Исмоилова Сталинград фронтида 44-армия сафида хизмат қилган. 110-йўл-эксплуатация полкида бошқарувчи вазифасини адо этган. У ўзига топширилган масъулиятли ишни доимо тез ва аниқ бажарган. Наманганлик Муҳаббатхон Исмоилова Берлингача бўлган жангларда иштирок этиб, муносиб тақдирланиб, она юртига соғ-саломат қайтиб келган.
1943 йил 20 ноябрда бухоролик ўзбек қизи — полк санитария инспектори, медицина хизмати старшинаси Раҳима Алимованинг жанговар фаолияти ҳақида полк командири подполковник Саввин томонидан Бухоро шаҳар партия қўмитасига миннатдорчилик хати келган. Унда Украинанинг озод этилишида, шунингдек, 97 нафар жангчининг жанг майдонидан олиб чиқиб, ҳаётини сақлаб қолгани билан боғлиқ Раҳима Алимова кўрсатган жасоратлар ўз ифодасини топган эди. У Миус дарёси бўйидаги жангларда ҳам мардонавор иштирок этиб, ярадорларни жанг майдонидан қўрқмасдан хавфсиз жойларга ташишда жасорат кўрсатган. Ҳаттоки, пулемётчи ҳалок бўлганда унинг ўрнини эгаллаб душманга қарши курашган. Раҳима Алимова фронтдаги жанговар қаҳрамонликлари учун ордени ва медаль билан тақдирланган.
Азизахон Қаландарова ҳам фронтга кетишдан олдин бир ой тўп отишни машқ қилиб, кейин артиллериячилар билан бирга фронтга жўнайди. Орёл-Курск ёнидаги шиддатли жангларда Азизахоннинг тўпидан узилган ўқлар душманнинг учта бомбардимончи самолётини чилпарчин қилди. Уни ҳарбий маҳорати учун орден билан тақдирлашди. Қонли жанглардан бирида Азизахон Қаландарова ҳам оғир ярадор бўлади. Бироқ, соғайиб чиққанидан сўнг ҳам яна жанг майдонига қайтади. У иккинчи маротаба яна яраланади. Тошкентга қўлтиқтаёқда, аммо кўксида медаллар билан қайтган.
Ҳа, хотира – инсон ҳаёти ва онгли фаолиятидаги энг муқаддас туйғу, такрорланмас воқеалар йиғиндиси, ўтмиш, бугунги кун ва келажак ўртасидаги боғловчи восита, ҳиссиётларнинг тарихий кўпригидир. Ўтмишни, тарихий воқеларни аждодларимиз сиймоси гавдаланиб турадиган ойна. Қадрият эса авлод-аждодлари, ота-боболаридан авлоддан-авлодга ўтиб келаётган иқтисодий, маданий, маънавий, маърифий, ахлоқий бойлик, анъаналар, урф-одатлар, бир сўз билан айтганда, ноёб маънавий мерос.
Хотира ва қадрлаш уйғун бўлган жамиятда, албатта барқарорлик, тинчлик, ўсиш, хайр ва барака бўлади.
Раҳбар Холиқова
Тарих фанлари доктори, профессор
ЎзА