“Мунозара”да Самарқанд ёшлари ғолиб бўлди
Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳамкорлигида таълим муассасалари, корхона ва ташкилот, маҳаллалардаги вақтинча ишсиз ёшлар ўртасида ўтказилаётган “Мунозара” интеллектуал турнирининг республика босқичи бўлиб ўтди.
Иштирокчилар республика турнирининг ташкилий жараёни ва ўтказиш дастури билан таништирилгач, жамоалар ўртасида қуръа ташланди ва беллашув бошланди.

Тошкент давлат иқтисодиёт университетида ҳудудлар миқёсида саралаб олинган 16 та жамоа “Экологик муаммолар иқтисодий ўсишга тўсқинлик қилмайди”, “Илмий техника тараққиёти инсон ҳаётига ижобий таъсир этади”, “Кинофильмлардан тарихни ўрганиш самарали”, “Хусусий мактаблар давлат мактабларидан устун”, “Масофавий таълим анъанавий таълимдан афзал” мавзулари бўйича беллашди. Уч кун давомида шаффофлик билан ўтган беллашув натижаларига кўра, 8 та жамоа турнирнинг чорак финал босқичига йўлланмани қўлга киритди.

– Интеллектуал турнирлар ҳозирги кунда асосан, ривожланаётган ва ривожланган мамлакатларда алоҳида дастур сифатида мактаб дарсликларига киритилган, – дейди ҳакамлар ҳайъати аъзоси Суннатилла Бозорбоев. – Турнир шаклида ташкил қилинишининг сабаби, мактаб ёшидаги ўқувчиларнинг олган билимини ҳаётга татбиқ қила олиши, эгаллаган билимларини сўз орқали ифодалаб бериш кўникмаларини шакллантиришдир. “Мунозара” каби интеллектуал турнирлар мактаб ўқувчиларини ўз фикрини эркин ва тўсқинликсиз ифодалашига, мукаммал ва мустақил фикрлайдиган, қатъий ҳаётий позицияга эга бўлган ёшларни тарбиялашга, уларда тизимли таҳлил қилиш, мантиқий фикрлаш ва моҳирона мунозара олиб бориш қобилиятларини ривожлантиришга хизмат қилади.
Уч кунлик беллашувлардан сўнг, “Мунозара” интеллектуал турнирининг республика босқичи ғолиблари аниқланди. Қизғин ва шиддатли баҳслар якунига кўра, 1-ўринни Самарқанд вилоятининг “Регистон” жамоаси, 2-ўринни Қашқадарё вилоятининг “Келажак бунёдкорлари” жамоаси, 3-ўринни эса Тошкент шаҳрининг "Тараққиёт ёшлари" жамоаси қўлга киритди. Ғолиблар ташкилотчилар томонидан фахрий ёрлиқ ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.

Маълумот учун, “Мунозара” интеллектуал турнири икки босқичда ўтказилди. 1-босқич жорий йилнинг 4-16 июнь кунлари давомида 4 та минтақага бўлинган ҳолда ўтказилди. Республика ҳакамлар ҳайъати томонидан турнирнинг кейинги босқичида иштирок этувчи 16 та жамоа саралаб олинди. Саралаб олинган жамоалар турнирнинг республика босқичида ўз билимларини синовдан ўтказди.
ЎзА