Мукофотлар эгаларига топширилди
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг фармонига асосан, ўзининг кўп йиллик самарали илмий-ижодий фаолияти, ёрқин ва бетакрор истеъдоди билан халқимизнинг маданий, бадиий ва интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, миллий маънавиятимизни бойитиш, мамлакатимизда маданият, санъат ва адабиёт соҳаларини ривожлантириш, асрий анъаналаримиз ва бой меросимизни асраб-авайлаш ҳамда Янги Ўзбекистонни жаҳон миқёсида тарғиб этишга қўшган муносиб ҳиссаси учун бир гуруҳ юртдошларимиз давлатимизнинг юксак мукофотлари билан тақдирланди.
Тақдирланганлар орасида бир гуруҳ андижонликлар ҳам бор. Андижон вилояти ҳокимлигида мукофотланганларни тақдирлашга бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Юксак мукофотлар жамиятимизда ўзаро ҳамжиҳатлик, эзгулик ва бағрикенглик тамойилларини мустаҳкамлаш, ёш иқтидор эгаларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг маҳорат ва қобилиятларини рўёбга чиқариш, юқори малакали кадрлар тайёрлаш, фарзандларимизни она Ватанга муҳаббат ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашда ана шу юртдошларимизнинг муносиб ҳиссалари борлиги алоҳида эътироф этилди.

Тадбирда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, ёзувчи Ҳабиб Сиддиқ, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоира Замира Рўзиева ҳамда Булоқбоши тумани маданият бўлими мудири Холисхон Жалоловага “Дўстлик” ордени, Андижон вилояти тарихи ва маданияти музейи директори Ихтиёржон Расуловга “Шуҳрат” медали топширилди.

– Юртимизнинг бир гуруҳ фаол ижодкорлари қатори “Дўстлик” ордени билан тақдирланганлигимдан беҳад мамнунман, – дейди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, ёзувчи Ҳабиб Сиддиқ. – Юртбошимизнинг эътибори менга куч, шижоат ва илҳом беради. Янги Ўзбекистонни барпо этиш, халқимиз маънавиятини юксалтириш йўлида янада фаол бўлишга, сермаҳсул ижод қилишга ундайди.
Мукофот соҳиблари меҳнатлари эътирофи, кўрсатилган эътибор учун Юртбошимизга миннатдорлик билдирди.
Ф. Убайдуллаев, З.Умрзоқов (сурат), ЎзА