Мамлакатимизда муҳандислик соҳасининг ривожланишига алоҳида эътибор қаратилиб, ушбу йўналишда юқори малакали кадрлар тайёрлашни янги босқичга олиб чиқиш бўйича қатор қарорлар қабул қилинди. Хусусан, Президентимизнинг 2024 йил 21 мартдаги «Муҳандислик кадрларини тайёрлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори айни соҳада муҳим қадам бўлди.
Ўтган йили 20 июнь куни давлатимиз раҳбари иштирокида Тошкент шаҳридаги «ИННО» Технопаркда кенгайтирилган тарзда видеоселектор йиғилиш ўтказилиб, унда муҳандислик соҳаларида кадрлар тайёрлаш бўйича устувор вазифалар белгилаб берилган эди.
Соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларни янада жадаллаштириш, талаба-ёшларни муҳандислик йўналишидаги мусобақалар ва танловларда фаол иштирокини таъминлаш мақсадида Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан жорий йилнинг апрель ойи «Муҳандислик ойлиги» деб эълон қилинди.
«Муҳандислик ойлиги» доирасида ғолиблар учун 9 та электромобиль тақдим этиш кўзда тутилган. Айни мақсадда муҳандислик йўналишларида «Энг яхши ғоя», «Энг яхши лойиҳа», «Энг яхши ихтиро» кўрик танловларига старт берилди.
Мазкур ташаббус доирасида Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан Тошкент архитектура-қурилиш университетида пресс-тур ташкил этилди.
Маълумки, бугунги кунда университетнинг ишлаб чиқариш билан интеграциялашган дуал таълим дастурлари асосида олиб борилаётган фаолияти, етакчи қурилиш компаниялари билан йўлга қўйилган ҳамкорлик алоқалари янада кенгаймоқда.
Талабаларнинг амалиёт ўташи учун ажратилган қурилиш объектлари, у ерда реал лойиҳаларда иштирок этаётгани, касбий кўникмаларини ривожлантираётгани соҳада самарадорликни оширмоқда.
Тадбир давомида ОАВ вакиллари университетда муҳандислик йўналиши бўйича амалга оширилаётган ишлар, эришилган ютуқлар, талабалар томонидан бажарилган инновацион лойиҳалар ва уларнинг илмий-амалий ишланмалари билан яқиндан танишдилар.
Батафсил қуйидаги видеода
<iframe width="1250" height="703" src="https://www.youtube.com/embed/gj1usq1lYxA" title="Muhandislik sohasida yuqori malakali kadrlar tayyorlash yangi bosqichga olib chiqilmoqda" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Абдулазиз Рустамов, ЎзА