Муддатидан олдин овоз бериш якунланди
Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 57-моддасига мувофиқ, муддатидан олдин овоз бериш сайловга 10 кун қолганида бошланди ва сайловга 3 кун қолганида тўхтатилди.
Қорақалпоғистон Республикасидаги Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари маҳаллий кенгашларига сайлов ўтказувчи барча сайлов участкаларида муддатидан олдин овоз бериш жараёнлари якунланди.
Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 57-моддасига мувофиқ, муддатидан олдин овоз бериш сайловга 10 кун қолганида бошланди ва сайловга 3 кун қолганида тўхтатилди. Яъни Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 2019 йил 3 декабрдаги қарори кўра, муддатидан олдин овоз бериш жорий йилнинг 12 декабрь куни соат 09:00 дан 18 декабрь куни соат 18:00 га қадар давом этди.
– Барча сайлов участкаларида муддатидан олдин овоз бериш жараёни уюшқоқлик билан олиб борилди, – дейди Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси халқаро матбуот маркази Қорақалпоғистон Республикаси бўлими раҳбари Абдулла Ембергенов. ̶ Жумладан, Оролбўйидаги 622 та сайлов участкасидан 6 минг 378 нафар сайловчи муддатидан олдин овоз берди.
* * *
Бухоро вилоятининг Когон тумани “Беклар” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган 261-сайлов участкасида 2 минг 300 нафарга яқин сайловчи рўйхатга олинган. Уларнинг 17 нафари 22 декабрь куни яшаш жойида бўла олмаслиги билан боғлиқ асосларни кўрсатган ҳолда, участка сайлов комиссиясига муддатидан олдин овоз бериш тўғрисида ёзма мурожаат қилди.
– Юртимизда виждон эркинлиги устуворлиги таъминланиб, диний амалларни эмин-эркин бажаришимиз учун барча қулайликлар яратилган, – дейди Ойбек Хайруллаев. – Мен турмуш ўртоғим Хурсандой Раҳимова билан Умра сафарига бориш тўғрисида ариза берган эдик. Зиёратни ўташ сайлов арафасига тўғри келди. Шунинг учун ҳам сайлов участкасига келдик. Бу ерда бизга овоз бериш тартиб-қоидаларни тушунтиргач, кабинага кириб, мустақил ҳолда, ўзимиз танлаган номзод учун муддатидан олдин овоз бердик.
Вилоятда 591 сайлов участкаси ташкил этилган бўлиб, уларда сайловларнинг умумэътироф этилган демократик тамойиллар асосида ўтиши учун барча шароитлар яратилган. Участкаларда 1 миллион 198 минг 600 нафардан зиёд сайловчилар рўйхатга олинган. Уларнинг 2 минг 634 нафари муддатидан олдин овоз беришда иштирок этди.
***
Тошкент вилоятида ҳам Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳамда маҳаллий кенгашларга муддатидан олдин овоз бериш жараёни юқори савияда бўлиб ўтди.
Вилоят сайлов комиссияси маълумотига кўра, 22 декабрь куни яшаш жойида бўла олмаслиги сабаб участка сайлов комиссиясига муддатидан олдин овоз бериш тўғрисида мурожаат қилган 6 минг 972 нафар сайловчи муддатидан олдин овоз берди.
Муддатидан олдин овоз бериш ҳолати энг кўп Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати сайловини ўтказувчи 94-Нурафшон округида қайд этилиб, мазкур округдан қарийб 1 минг 200 нафар сайловчи муддатидан олдин овоз берган. Шунингдек, 90-Бўстонлиқ округидан қарийб минг, 87-Ангрен округидан 700 нафардан зиёд сайловчи сайлов ҳуқуқидан муддатидан олдин фойдаланган.
Қонунда белгиланганидек, муддатидан олдин овоз берган сайловчилар ўзлари тўлдирган сайлов бюллетенини ёпиқ конвертларда қолдиришди. Бу конвертларнинг елимланган жойига тегишли участка сайлов комиссиясининг икки нафар аъзоси имзоси қўйилган бўлиб, комиссиянинг муҳри ва овоз берувчининг имзоси билан тасдиқланган ҳолда, участка сайлов комиссияси сейфида сақланмоқда.
Овоз бериш куни ниҳоясида участка сайлов комиссияси раиси ёки раис ўринбосари комиссия аъзолари билан биргаликда муддатидан олдин овоз бериш бюллетенлари солинган ёпиқ конвертларни сайлов қутисига ташлайди. Бу бюллетенлар овозларни санашда ҳисобга олинади.