Муаммолар ўрганилди, ечимлари белгилаб олинди
«Халқ билан бирга» умуммиллий дастури доирасида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Гавҳар Олимова Сардоба туманидаги «Ота юрт» маҳалласида бўлиб, сайловчилар билан учрашди. Учрашув давомида маҳалладаги ижтимоий соҳа объектлари фаолияти, аҳоли учун яратилган шароитлар ҳамда фуқароларни қийнаётган масалалар ўрганилди.
Дастлаб, депутат 210 ўринга мўлжалланган «Момақаймоқ» мактабгача таълим ташкилоти фаолияти билан танишди. Маълум бўлишича, муассасада 16 нафар хотин-қиз меҳнат қилади. Бу ерда 250 нафардан ортиқ бола имтиёзли тўлов асосида, ижтимоий ҳимояга муҳтож 46 нафар бола эса бепул тарбияланмоқда. Суҳбат давомида боғчанинг қувватини кенгайтириш, шунингдек, маҳаллада ичимлик суви таъминотини яхшилаш масалалари кўтарилди.

Шундан сўнг, депутат 8 минг нафардан зиёд аҳолига тиббий хизмат кўрсатувчи қишлоқ врачлик пунктидаги мавжуд шароитларни кўздан кечирди. Ўрганиш жараёнида муассасада электр энергияси таъминоти билан боғлиқ муаммолар ва тиббиёт ходимлари етишмовчилиги аниқланди. Электр таъминотини яхшилаш масаласида вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасига мурожаат қилиниб, муаммони бартараф этиш депутат назоратига олинди.

Шунингдек, маҳаллада фаолият юритаётган 100 нафардан ортиқ тадбиркорлик субъектининг иш жараёнлари, уларни қўллаб-қувватлаш имкониятлари ҳамда ҳудудни ободонлаштириш учун зарур моддий-техник базани шакллантириш бўйича таклифлар ҳам ўрганилди.

Учрашув якунида билдирилган таклиф ва муаммолар юзасидан тегишли мутасадди ташкилотларга мурожаатлар йўлланди, масъулларга аниқ тавсиялар берилди. Кўтарилган масалаларнинг ижросини таъминлаш ва уларнинг ҳал этилишини назорат қилиш бўйича тегишли чоралар белгиланди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири