Муаммолар очиқ айтилди, масъуллар огоҳлантирилди
Инсон қадри, унинг ҳаёти ва саломатлигини муҳофаза қилиш ҳар қандай давлат сиёсати ва ислоҳотларнинг устувор мезони. Бу тамойил Сирдарё вилоятида ўтказилган навбатдаги ҳокимлик соатида ҳам асосий мавзулардан бири бўлди. Йиғилишда аҳолининг санитария-эпидемиологик хавфсизлиги, тиббий хизмат сифати, ичимлик суви таъминоти ҳамда бозорлардаги санитар ҳолат юзасидан мавжуд муаммолар атрофлича таҳлил қилинди.
Вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов соҳалардаги камчиликларни очиқ танқид қилиб, айрим масъулларнинг вазифасига совуққон ва бефарқ муносабати жиддий оқибатларга олиб келиши мумкинлигини таъкидлади. Йиғилишда, айниқса, инсон саломатлиги билан боғлиқ масалаларда масъулият ва назорат сусайишига йўл қўйиб бўлмаслиги қайд этилди.

Муҳокамалар давомида Сайхунобод туманидаги санитария-эпидемиологик ҳолат алоҳида танқид остига олинди. Вилоят раҳбари “Вақтни бой бериш — баъзан инсон ҳаётини бой бериш билан баробар”, — дея масъулларни тезкорлик ва қатъий чоралар кўришга чақирди. Таъкидланганидек, бундай масалалардаги лоқайдлик ва кечикиш оғир ижтимоий оқибатларга сабаб бўлиши мумкин.
Йиғилишда аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш борасидаги муаммолар ҳам жиддий муҳокама қилинди. Хусусан, айрим сув иншоотларида сувни зарарсизлантириш ускуналари мавжуд эмаслиги, Ховос, Боёвут ва Сирдарё туманларининг айрим маҳаллаларида аҳоли ҳануз тўлиқ тозаланмаган сувдан фойдаланиб келаётгани кескин танқид қилинди. Бу ҳолат аҳоли саломатлиги учун хавфли омил сифатида баҳоланди.

Шунингдек, бозорлар ва савдо нуқталаридаги санитария ҳолати ҳам эътибор марказида бўлди. Айниқса, гўшт ва сут маҳсулотлари сотиладиган ҳудудларда санитария талабларига тўлиқ риоя этилмаётгани, тозалик ва хавфсизлик масалалари етарли даражада назорат қилинмаётгани ҳақли эътирозларга сабаб бўлди. Вилоят раҳбари бу борада мутасаддиларга аниқ вазифалар юклаб, назоратни кучайтириш зарурлигини таъкидлади.
Тиббиёт муассасаларидаги айрим муаммолар ҳам танқидий руҳда муҳокама қилинди. Жумладан, баъзи поликлиникаларда касалликларни аниқлаш учун зарур бўлган лаборатория реактивлари етишмаслиги соҳада ҳали қилиниши лозим бўлган ишлар кўплигини кўрсатиши таъкидланди. Бу эса тиббий хизмат сифати ва ташхис жараёнига салбий таъсир кўрсатиши мумкинлиги қайд этилди.

Йиғилиш якунида барча мутасадди ташкилотлар ва раҳбарларга мавжуд камчиликларни қисқа муддатларда бартараф этиш бўйича аниқ топшириқлар берилди. Таъкидланганидек, асосий мақсад кимнидир жазолаш эмас, балки аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, хавфсиз ва соғлом ҳаёт муҳитини таъминлашдан иборат.
Вилоят ҳокими Эркинжон Турдимовнинг “Одамлар саломатлигига бефарқ қараган раҳбар билан ишлаш қийин бўлади”, — деган қатъий огоҳлантириши йиғилиш иштирокчилари учун жиддий сабоқ ва масъулият чақириғи бўлди.


Ғулом Примов, ЎзА мухбири