Муаллифлар ва ноширлар учун семинар
Юртимизда давом этаётган китобхонлик ҳафталиги доирасида Паркент туманидаги Ёзувчилар ижод уйида ноширлар, ёзувчи-адиблар, таржимонлар, соҳа мутахассилари ва экспертлар иштирокида семинар ташкил этилди.
АОКА матбуот хизматига кўра, семинардан кўзланган мақсад ёзувчи-шоирлар ва ноширларнинг ўзаро ижодий ҳамкорлигини ривожлантириш, соҳа мутахассислари иштирокида ноширлик иши ва китобхонликнинг долзарб муаммоларини муҳокама қилиш ва уларга ечим топишдан иборат. Шунингдек, давлатимиз раҳбари томонидан миллий контентни яратиш борасида қўйилган вазифалардан келиб чиқиб, ноширлар ва ижодкорлар ўртасида ижодий ҳамкорликни мустаҳкамлаш орқали китобхонларга янги асарларни тақдим этиш, бу борада тегишли келишувларга эришишдир.

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директорининг ўринбосари Ғ.Назаров соҳада эришилган ютуқлар, натижалар ҳақида батафсил сўзлади.
– “Ўтган йили август ойида биринчи марта ташкил этилган ушбу семинар доирасида “Ўзбекистон нашриёти” ўзбек ёзувчи-шиорларининг болалар ва ўсмирларга мўлжалланган 100 жилддан иборат асарлар мажмуасини нашрга тайёрлашни режалаштирган эди, – деди АОКА директорининг ўринбосари Ғайрат Бозоров. – Бугунги кунда мазкур асарлар мажмуасининг 20 жилди чоп этишга тайёр ҳолатга келтирилди. Ўтган йили ушбу нашриёт томонидан Ёзувчилар уюшмаси Бадиий кенгаши раиси Зуҳриддин Исомиддинов масъуллигида Чингиз Айтматовнинг 95 йиллиги муносабати билан унинг 10 томлик асарлари тўплами янги таржималар билан тўлдирилган ҳолда нашр этилди.

Шунингдек, АОКА директорининг ўринбосари Ғ.Бозоров маълум қилишича, 2024 йилдан бошлаб Агентлик ташаббуси билан ношир ва матбаачиларни, шунингдек, китобхонликни оммалаштиришга муносиб ҳисса қўшаётган субъектларни рағбатлантириш мақсадида анъанавий тарзда “Йил китоби” миллий танловини ўтказиш йўлга қўйилади.
Танлов ғолиблари 27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни арафасида тақдирланиши режалаштирилган.
Тадбирнинг биринчи кунида қатор давра суҳбатлари, В2В учрашувлар ҳамда маҳорат дарслари ўтказиш кўзда тутилган.
Бугунги тадбир доирасида муаллифнинг асарга бўлган ҳуқуқлари ҳамда муаллифлик шартномасига қўйиладиган талаблар, ноширлик ва матбаа фаолиятига оид ҳуқуқий ва техник ҳужжатлар, янги қабул қилинган давлат стандартлари, болалар ва ўсмирлар адабиётини яратишда ўқувчиларнинг ёш ҳамда психологик жиҳатлари, китобхонликни ривожлантириш ва китоб савдосида замонавий маркетинг технологиялари, китоб нашр қилишда муаллифлар билан ишлаш ва китобхонлар эҳтиёжини ўрганиш каби мавзуларда маҳорат сабоқлари ўтилади.

Шу билан бирга “Grand ta’lim” маскани қошидаги таржима ва таҳрир соҳасига оид “Маҳорат мактаби” фаолиятига оид семинар ва давра субатларини ўтказиш, нашриётлар ўртасида ўзаро тажриба алмашиш учун тет-атет форматда мулоқотни йўлга қўйиш юзасидан ҳам машғулотлар ўтказилмоқда.
Семинар доирасида Интеллектуал мулк департаменти, Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги, Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети, “Asaxiy books”, Янги аср авлоди”, “Hilol-nashr” нашриётлари мутахассислари маҳорат дарстлари ва тақдимотлар ўтказиб, соҳага оид янгича, инновацион ва замонавий ёндашувларни тақдим этишди.
Н.Усмонова, ЎзА