Москва Болтиқ давлатларини огоҳлантирди
Россия ташқи ишлар вазирлиги Эстония, Латвия ва Литвага нисбатан кескин баёнот берди. Расмий Москва бу давлатларни Украинага ёрдам беришда айблаб, билвосита таҳдид қилди. Хусусан, РФ ТИВ вакили Мария Захарова Болтиқ бўйи мамлакатлари “жавобга нишон бўлиши эҳтимоли бор”лигини билдирди. Бинобарин, қандай чоралар кўрилиши мумкинлиги аниқ айтилмаган.
РФ томони фикрича, уч давлат ўз ҳаво ҳудудини Украина дронлари учун очиб берган. Шу тариқа Киев Россиянинг Болтиқ денгизи бўйидаги нефть мажмуаларига зарба бергани таъкидланмоқда. Айниқса, Ленинград вилояти ва Усть-Луга портига ҳужум кучайган. Эстония, Латвия ва Литва эса бу айбловни “ёлғон ахборот” дея инкор этган.
Европа Иттифоқи ҳам вазиятни диққат билан кузатаётганини билдирди. Брюссель вакили ҳар қандай аъзо мамлакатга ҳужум иттифоққа ҳужум сифатида баҳоланишини айтди. Шу билан бирга ҳозирча бу фақат таҳдид экани, амалий ҳаракат кузатилмаганини қўшимча қилди. Умуман, кўҳна қитъа давлатлари мудофаа соҳасида ҳамкорликни кучайтиришга интиляпти.
Сўнгги пайт Украина дронлари бир неча бор Болтиқ ҳудудига кириб боргани қайд этилди. Айни ҳолат Россия билан боғлиқ низо географияси кенгайиб бораётганини кўрсатмоқда. Мутахассислар ҳозирги вазият минтақада кескинликни кучайтиришидан хавотирланяпти.
Мусулмон Зиё, ЎзА