Халқимиз турмуш даражасини яхшилаш, камбағалликни қисқартириш, аҳолининг бандлигини оширишда касб-ҳунар таълимининг роли ҳамда имкониятлари беқиёсдир.
Президентимизнинг 2020 йил 11 августдаги “Камбағал ва ишсиз фуқароларни тадбиркорликка жалб қилиш, уларнинг меҳнат фаоллигини ошириш ва касб-ҳунарга ўқитишга қаратилган ҳамда аҳоли бандлигини таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ҳамда 2021 йил 8 январдаги “Ишчи касблар бўйича кадрларни тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорлари ижроси доирасида Наманган шаҳридаги собиқ “Карбонам” заводи биноси ўрнида янгидан барпо этилган “Ишга марҳамат” мономаркази меҳнат бозорида эҳтиёж юқори бўлган турли йўналишлардаги касб-ҳунарларни ўргатишга хизмат қилмоқда.
20 миллиард 208 миллион сўм маблағ эвазига бунёд қилинган мазкур мономарказда тиббиёт, таълим, қурилиш, энергетика, тўқимачилик каби соҳаларда 28 та касбий йўналиш бўйича ва инглиз, корейс, немис тилларига ўқитиш режалаштирилиб, жорий йилнинг ўтган даврида 3 минг 200дан ортиқ тингловчи қамраб олиниб, ўқитилди.
Касб масканида жисмоний имконияти чекланган вақтинча банд бўлмаганларга алоҳида эътибор қаратилади. Улар ҳунар ўрганиш билан бир қаторда стипендия ҳам олишади. Қолаверса, бу ерда “дуал таълим” ҳам жорий этилган. Марказдаги ўқув-амалиёт хоналари замонавий ускуна ва жиҳозлар билан таъминланган.
Айни пайтда эса бу ерда 875 нафар тингловчи ўзлари танланган касб-ҳунар йўналиши бўйича ўқимоқда. Уларнинг 570 нафари аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази йўлланмаси, 305 нафари эса шартнома асосида касбу кор ўрганмоқда. Шунингдек, ижтимоий дафтарлардаги 212 киши ҳам ўқув курсларига йўналтирилди.
Масалан, Мингбулоқ тумани Жомашўй шаҳарчаси Озодлик кўчасида яшовчи Алдиёрова мономарказнинг уста муҳандиси Оқила Жаҳонгирова бошчилигидаги замонавий пардалар тикувчи ва дизайнер ўқув курсида тўрт ойдан буён шуғулланиб келади. “Аёллар дафтари”да турувчи ушбу фуқаро ўзи қизиққан ҳунарга анча қўли келиб қолди. У курсни тугатиши билан тадбиркорлик фаолиятини бошлашга аҳд қилган.
– Бир ойдан олти ойгача бўлган муддатдаги ўқув курсларимизга тингловчиларни жалб этишда маҳаллаларда истиқомат қилувчи кам таъминланган, ижтимоий муҳофазага муҳтож, иш билан банд бўлмаган аҳоли қатлами ҳамда “Темир дафтар”, “Ёшлар дафтари” ва “Аёллар дафтари” рўйхатларига киритилган фуқароларга устувор аҳамият қаратилмоқда, – дейди Наманган шаҳридаги “Ишга марҳамат” мономаркази директори Умида Мамажонова. – Ўтган уч йил давомида марказимизда касб-ҳунар сирларини ўзлаштирган 11 минг 140 кишига гувоҳнома ва сертификатлар бердик. Биргина жорий йилнинг ўтган даврида 2 минг 500 нафарга яқин тингловчи касб-ҳунарли бўлиб, уларнинг 87 фоизини иш билан таъминлашга яқиндан кўмаклашилди.
Таъкидлаш жоизки, "Ишга марҳамат" мономарказида хорижга чиқиб меҳнат фаолиятини амалга ошириш истагини билдирган фуқароларга махсус сертификат ва гувоҳномалар топширилиб, қонуний ишга кириши учун чет эл давлатлари билан ҳамкорлик йўлга қўйилган. Жумладан, Германияга 47 нафар ватандошимиз ишлаш ва олий таълим муассасасида таҳсил олиш учун жўнаб кетишди.
Шунингдек, Миграция агентлиги ҳамда Корея Республикасининг “Қирол Сежонг” корейс тилини ўргатиш маркази билан ҳамкорликда ташкил этилган ўқув курсида 100 нафарга яқин ҳамюртимиз хорижий тилни ўрганяпти. Курсни муваффақиятли тугатадиган тингловчилар эса, қонуний ишлаш мақсадида Жанубий Кореяга йўл олади.
– Касбим муҳандис- темирйўлчи. Чет элда ишлаш мақсадида айни пайтда мономарказда тўрт ойдан буён корейс тилини қунт билан ўзлаштирмоқдаман, – дейди Наманган шаҳридаги Равнақ маҳалласида истиқомат қилувчи Шерали Маматқулов. – Насиб қилса, хорижда ишлаб, касбий билим ва кўникмаларимни янада мустаҳкамлайман. Бу албатта, келгусида юртимизда меҳнат фаолиятимни барқарор давом эттиришимда асқатади.
Қандолатчилик курси мономарказда анча оммалашган, кўпчилик томонидан қизиқиш билдирилаётган таълим йўналишларидан ҳисобланади. Биргина уста муҳандис Фотима Насимжонова раҳбарлигидаги икки сменалик курсда 32 нафар қиз катта ҳаётга тайёрланмоқда. Эътиборлиси, назарий билимлар шу ернинг ўзида амалий кўникмалар асосида бойитиб борилади.
Мамлакат Икромова мамлакатимизда ташкил этилган мономарказларда электро энергетика йўналишида фаолият юритаётган ягона уста муҳандис аёл эканлиги таҳсинга сазовор. Наманган муҳандислик қурилиш институтини тамомлаган ёш мутахассис бугунги кунда 100 дан зиёд тингловчини электрик касбига йўналтирмоқда. Айни пайтда ушбу курс тингловчилари Жаҳон банки гранти лойиҳаси асосида муқобил энергия манбалари, хусусан қуёш панелларини жорий этиш бўйича ҳам ўқитилмоқда.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири