Моҳир мерганлар “Тўмарис кубоги”да жам бўлди
Самарқанд шаҳридаги “Динамо” стадионида камондан отиш бўйича аёллар ўртасида илк бор “Тўмарис кубоги” халқаро турнири ўтказилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий 17 июндаги “Камондан отиш спорт турини янада ривожлантириш ва оммалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида ўтказилаётган мусобақада юртимиз вакиллари билан бирга Қозоғистон, Грузия, Украина, Россия, Тожикистон ва Қирғизистондан 50 нафардан ортиқ маҳоратли спортчилари иштирок этмоқда.
Мусобақанинг очилиш маросимида Самарқанд вилояти ҳокимининг ўринбосари Б.Нуруллаев, Ўзбекистон камондан отиш федерацияси биринчи вице-президенти О.Имомов сўзга чиқиб, мамлакатимизда спортни оммалаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар, спортчилар учун яратилган имкониятларни алоҳида таъкидлади. Халқимиз тарихида саркардалик, мерганлик бобида ўзига хос ном қозонган, йўлбошчиси сифатида тарих зарварақларида мангу муҳрланган Тўмарис номи билан аталган мусобақа ёш мерганларни қўллаб-қувватлаш, уларни нуфузли халқаро турнирларга тайёрлаш мақсадида ташкил этилганлиги қайд этилди. Энг муҳими, эндиликда мазкур мусобақа ҳар йили анаъанавий тарзда Самарқандда ўтказилади.
[gallery-4455]
– Мусобақа илк марта ўтказилаётганлиги боис, хорижлик спортчилар сони бироз камроқ, – дейди мусобақа бош ҳаками, мамлакат терма жамоаси бош мураббийи Гулнора Арипова. – Шундай бўлса-да, мусобақага бўлган қизиқиш юқори. Биз ушбу мусобақани халқаро миқёсдаги нуфузли турнирга айлантиришни мақсад қилганмиз. Шу боис, хорижлик спортчилар билан бирга мураббийлар, мутахассислар ҳам юртимизга келган. Жумладан, Украина, Қозоғистондан халқаро тоифадаги ҳакамлар иштирок этмоқда. Улар билан фикрлашган ҳолда ташкилий масалаларни белгиланган меъёрлар асосида ўказишга ҳаракат қилаяпмиз.
Мусобақа регламенти бўйича иштирокчилар дастлаб саралаш баҳсларида 70 метр масофада беллашишди.
- Камондан отиш спорти тури билан кўп йилдан бери шуғулланиб келаман, - дейди Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси, Самарқанд вилояти терма жамоаси сардори Мунира Нурмонова. – Бу вақт оралиғида кўп бора халқаро ва мамлакат чемпионатларида муваффақиятли катнашганман. Яқинда Тошкентда ўтказилган Ўзбекистон кубоги баҳсларида вилоятимиз терма жамоаси жамоавий ва микс баҳсларида биринчи ўринни қўлга киритган эди. Ушбу мусобақада ҳам жамоамиз муносиб иштирок этади. Энг муҳими, мазкур мусобақа ёш иқтидор эгаларини тажрибасини оширишга хизмат қилади.
Мусобақа ғолиблари 29 октябрь куни аниқ бўлади.
Ғ.ҲАСАНОВ, А.ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА