Мис кластерида янги корхона ишга туширилди (+видео)
Маълумки, давлатимиз раҳбарининг бевосита ташаббуси билан Оҳангарон туманида умумий майдони 138 гектар бўлган “Мис саноати кластери” ташкил этилмоқда. Мазкур ҳудудда жойлашадиган қувватлар хом-ашёни қазиб олишдан, тайёр маҳсулот яратишгача бўлган барча жараёнларни қамраб олиши кўзда тутилган.
Ушбу лойиҳалар доирасида “EltechIndustrial” технопаркида юқори кучланишли кабель маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Enco Group” корхонаси расман фаолият бошлади. Корхонанинг очилиш маросимида таъкидланганидек, Янги Ўзбекистонда электротехника саноатини иқтисодиётнинг драйвер тармоқларидан бирига айлантириш, замонавий технологиялар асосида ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш, импорт ўрнини босувчи ва экспортбоп маҳсулот ишлаб чиқаришни кўпайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ушбу корхона ҳам айнан ана шу эътиборнинг маҳсулидир.
- Бу бизнинг Марказий Осиёдаги илк лойиҳамиз, - дейди корхона раҳбари Руслан Акбулатов. - Мисни чуқур қайта ишлаб, 1 киловольтга тенг юқори кучланишли кабель маҳсулотларини ишлаб чиқарамиз. Корхонага тамал тоши 2023 йилда қўйилган эди. Бугун эса компаниямизда очилиш маросими. Корхона тўлиқ Белоруссия компанияси инвестицияси ҳисобига барпо қилинди. Маҳсулотларимиз аввало Европа Иттифоқи бозорларига йўналтирилади. Ҳозирда сертификатлаш жараёнлари ниҳоясига етказилмоқда. Биринчи шартномамиз Ереван билан имзоланди ва кейинги ҳафтада илк маҳсулотни мижозларга етказиб берамиз. Албатта кадрлар салоҳияти ҳам бизга муҳим. “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси бу борада бизга яқиндан кўмаклашди. Тайёр кадрлар ҳам келди, энди иш ўрганаётганлар ҳам бор. Биз улар учун махсус ўқув курсларини ташкил этдик. Бундан ташқари Белорусь Республикасининг Витебск шаҳрида ҳам ишчиларимиз малака оширишади.
Жорий йилнинг февраль ойида давлатимиз раҳбари мазкур лойиҳа амалга оширилаётган технопаркка ташриф буюриб, юқори кучланишли кабель маҳсулотлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш аҳамиятини таъкидлаган ҳамда қурилиш-монтаж ишларини жадаллаштириб, корхонани қисқа муддатларда ишга тушириш бўйича мутасаддиларга тегишли топшириқлар берган эди. Бугун мазкур топшириқлар ижроси доирасида юқори кучланишли кабель маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхонанинг биринчи босқичи фойдаланишга топширилди.
Лойиҳа икки босқичда Беларусь Республикасининг “Energokomplekt” компанияси билан ҳамкорликда технопарк ҳудудида амалга оширилмоқда. 21 гектар майдонда барпо этилаётган мазкур ишлаб чиқариш мажмуасининг умумий қиймати қарийб 60 миллион АҚШ долларини ташкил этади. Корхона тўлиқ қувватга чиққанидан сўнг 600 га яқин янги иш ўрни яратилади. Корхона тўлиқ ишга туширилгач, йилига 25 минг тонна юқори кучланишли кабель маҳсулотлари ишлаб чиқариш имкониятига эга бўлади. Унинг экспорт салоҳияти эса 300 миллион АҚШ доллари даражасида баҳоланмоқда. Биринчи босқичда 10 миллион доллардан ортиқ инвестиция ўзлаштирилди. Корхона маҳсулотларини Германия, Латвия, Эстония, Болгария ҳамда МДҲ давлатлари бозорларига экспорт қилишни режалаштирган. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, биринчи босқич доирасида йиллик экспорт ҳажми 140 миллион АҚШ долларига етиши кутилмоқда.
- Биз “Enco Group” компанияси билан 10 йилдан буён ҳамкорлик қилиб келмоқдамиз, - дейди эстониялик инвестор Богдан Оношко. – Ушбу корхонанинг очилиши биз учун катта имконият. Ўзаро савдо алоқларини янада ривожлантириш ва маҳсулот олди-сотдиси учун яна бир қулайлик яратиб берилди.
- Белоруссиянинг “Energokomplekt” компанияси билан 15 йилдан буён ҳамкорлик қилиб келамиз, - дейди Чехиянинг “Лабара” ОАЖ вакили Бедрих Ольшовски. – Ушбу корхонадан биз катта миқдорда кабель маҳсулотлари олишга тайёрмиз. Бундан ташқари Европа Иттифоқи бозорларига чиқишлари учун маҳсулотларини сертификатлашга ёрдам берамиз. Ўйламанки, корхонанинг ишлари тез юриб кетади ва биз ҳам тез-тез Ўзбекистонга келиб турамиз.
Маълумотларга кўра, ўтган йилда мамлакатимизга 400 миллион АҚШ долларига яқин юқори кучланишли кабель маҳсулотлари ва изоляцияланган мис шиналар импорт қилинган. “EncoGroup” корхонаси тўлиқ ишга туширилгандан кейин эса 150 миллион долларлик импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқариш имконияти яратилади. Маълумот учун айтиш керакки, Марказий Осиёда мазкур йўналишда фаолият юритаётган 12 та корхонанинг 4 таси Ўзбекистон ҳиссасига тўғри келади. Бу мамлакатимизда электротехника саноати босқичма-босқич юқори қўшилган қиймат яратадиган, рақобатбардош ва экспортбоп тармоққа айланаётганининг яна бир амалий ифодасидир.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/9SNEWoLJ7fI" title="Mis klasterida yangi korxona ishga tushirildi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Санжар Тошпўлатов, Ойбек Давронов, Улуғбек Тўхтаев, ЎзА