Мини-футбол бўйича турнир ўтказилди
“Нотариуслар соғлом турмуш тарафдори”шиори остида Ўзбекистон Республикаси Нотариал палатаси кубоги учун мини-футбол бўйича турнир бу йил олтинчи бора ўтказилди.
Турнирнинг ҳудудий босқичлари 4 та - “А”, “В”, “Д”, “С” гуруҳларига бўлинган ҳолда ўтказилиб, ҳудудий босқичларда ғолиб бўлган жамоалар – Қашқадарё, Наманган, Хоразм ҳамда Фарғона вилоятлари нотариуслари жамоалари финалда беллашдилар.
Қуръа ташланди ва финал ўйинларини Хоразм ва Фарғона вилояти жамоалари бошлаб беришди. Эслатиб ўтамиз, ўтган йилларда ҳар иккала жамоа финал ўйинлари ғолиби бўлишган. Қизғин ва ҳужумкорона ўтган баҳсларда Хоразм вилоятилик нотариусларнинг омади келди. 6:1 ҳисоб билан Хоразмлик нотариуслар финалга йўлланмани қўлга киритишди.

Финал ўйинларининг иккинчисида Наманган ва Қашқадарё вилояти жамоалари ўзаро куч синашдилар. 4:0 ҳисоб билан наманганлик нотариуслар финал йўлланмасини қўлга киритди.
Шундан сўнг Қашқадарё ва Фарғона вилояти нотариуслари 3нчи ўрин учун беллашдилар. Ушбу ўйинни турнирнинг энг шиддаткор ўйинларидан бири деса бўлади. Ўйиннинг қашқадарёликларнинг шиддатли ҳужумлари остида ўтди. Ҳисоб 6:2 Фарғона вилояти жамоаси учинчи ўрин соҳибига айланди.

Финал ўйинларининг энг қизиғи Хоразм ва Наманган вилояти нотариуслари ўртасида бўлиб ўтди. Ушбу икки жамоа ҳам финал ўйинининг икки таймида юкса маҳорат билан ўйнадилар. Хоразм вилояти нотариуслари рақиб дарвозасини икки маротаба ишғол қилишга муваффақ бўлдилар. Уч бора Кубок соҳиби Наманган вилояти нотариуслари имкониятни бой бериб, мағлубиятга учрадилар. 2:1 ҳисоб билан Хоразм вилояти нотариусларидан таркиб топган ҳаваскор футболчилар яна Кубок соҳибига айландилар. Ғолибларни Ўзбекистон Нотариал палатаси раҳбарияти қутладилар.

- Ушбу спорт байрамлари нотариуслар орасида мунтазам ўтказиб келинишидан мақсад, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 30 октябрдаги “Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ижросини таъминлаш, нотариуслар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, дўстона муносабатларни кучайтиришдан иборат,- деди тақдирлаш маросимида сўзга чиққан Нотариал палата раиси Дилшод Ашуров.
Ғолибларга Нотариал палата Кубоги, диплом, медаллар ва қимматбаҳо совғалар топширилди.
ЎзА