Миллий табиат боғида табиатсеварлар билан учрашув
Сурхондарё вилоятидаги “Юқори Тўпаланг” миллий табиат боғи ходимлари ҳамда жамоатчилик фаоллари 11 январь –Халқаро қўриқхоналар ва миллий табиат боғлари куни муносабати билан Сариосиё туманидаги 46- мактабнинг тоғлар қўйнидаги Кундайжувоз қишлоғи филиалида мазкур санага бағишланган учрашув ташкил этди.
Қишлоқ одамлари, таълим муассасаси ўқитувчи ва ўқувчилари иштирок этган тадбирда ҳудуддаги “Юқори Тўпаланг” миллий табиат боғини ташкил этишдан мақсад ҳамда унинг асосий вазифалари ҳақида атрофлича сўз юритилди. Табиат боғида амалга оширилаётган ишлар ва она табиатни асраб-авайлашнинг жамиятдаги ўрни тўғрисида маълумот берилди.

—Очиқ мулоқот иштирокчилари, шунингдек, ҳайвонот ва наботат оламига бой боғимиз ҳудудида учрайдиган қўнғир айиқ, қор қоплони, силовсин, бўри, тулки, сибир тоғ эчкиси, тўнғиз, жайра ва бошқа тур жониворлар ҳамда ўсимлик дунёси хусусида етарли тушунчаларга эга бўлди, –¬дейди миллий табиат боғи директори Нуриддин Саттаров.–-Сўнгги пайтларда кўп қўлланилаётган “Қўриқхона”, “Табиат боғи”, “Рекреация”, “Броконьер”, “Яшил макон” сингари табиат олами билан боғлиқ сўзлар ҳақидаги саволларига жавоб олди.

“Юқори Тўпаланг” миллий табиат боғи Ҳисор тоғ тизмалари бағрида “Узун” давлат ўрмон хўжалигининг 27 минг 851 гектар майдонида ташкил этилган. Муҳофаза этиладиган боғда “Қизил китоб”га киритилган ноёб жониворлар, қушлар, дарёларида қизил фарель балиқлар, турли дов-дарахт ва шифобахш ўсимликлар, ранг-баранг гуллар қўриқланиб, кўпайтирилмоқда.
Халқаро қўриқхоналар ва миллий табиат боғлари куни 1997 йил Ёввойи табиатни муҳофаза қилиш маркази ва Бутунжаҳон ёввойи табиат фонди ташаббуси билан жорий этилган.
Тадбир якунида қатнашчиларга табиат боғида учрайдиган ҳайвонлар тасвирланган тарқатма материаллар тақдим этилди.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири