Миллий гвардиячиларга янги хонадонлар топширилди
Мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан Миллий гвардия Қорақалпоғистон Республикаси бўйича бошқармасининг бир гуруҳ ҳарбий хизматчиларига янги хонадонлар топшириш маросими бўлиб ўтди.
Таъкидланганидек, мамлакатимизда ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, турмуш шароитини яхшилашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, энг улуғ, энг азиз байрам арафасида бир гуруҳ ҳарбийларнинг янги уйларнинг соҳиблари бўлгани ҳам ана шу ишларнинг узвий давомидир.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Миллий гвардия Қорақалпоғистон Республикаси бўйича бошқармаси, ҳамкор вазирлик ва ташкилотлар раҳбарлари иштирокида 20 нафар ҳарбий хизматчи учун қуриб битказилган янги хонадон калитлари тантанали равишда топширилди.

Ҳарбий хизматчилар ўзларига яратиб берилган бундай имкониятлар ва ижтимоий ҳимоя, эътибор ва рағбат учун Президентимизга ўз миннатдорлигини билдирди.
Тадбир иштирокчилари янги хонадонларда яратилган шароитлар билан танишишди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири