
Фарғонада жорий йилги чақирув доирасида муддатли ҳарбий хизматга чақирилган йигитларни тантанали кузатиш маросими бўлиб ўтди. Унда вилоят ҳокимлиги, Шарқий ҳарбий округ қўмондонлиги, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ҳарбий хизматчилар, Қуролли Кучлар фахрийлари, ота-оналар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Тантанали тадбирда сўз олган вилоят ҳокими, ҳарбий-маъмурий сектор раҳбари Хайрулло Бозоров ҳарбий хизматга отланаётган йигитларга эзгу тилаклар билдириб, ватан ҳимояси ҳар бир йигитнинг муқаддас бурчи, армия-ватанпарварлик ва жасорат мактаби эканлигини таъкидлади.

Президентимиз ташаббуси билан амалга оширилган ислоҳотлар натижасида Қуролли Кучларимизнинг жанговар куч-қудрати оширилиб, армиямизнинг бугунги қиёфасини тубдан ўзгаргани, ҳарбийлар ва аскарлар учун барча шароитлар яратилаётгани, уларга юртимизга садоқат ва фидойилик билан хизмат қилаётганлиги айтиб ўтилди. Миллий армиямизда хизмат қилиш юртимиз ўғлонларининг шон-шарафига айланаётганлиги, бу уларга фахр-ифтихор билан бирга юксак масъулият эканлиги қайд этилди.

Чақирилувчиларнинг ота-оналарига фарзандларини Ватанга садоқатли ва мард қилиб тарбиялаганлари учун миннатдорчилик билдирилди.

Аскарларга Ватан ҳимояси йўлидаги шарафли хизматларида омадлар тиланиб, уларга эсдалик совғалари топширилди. Ҳарбийларнинг кўргазмали чиқишлари, ҳарбий оркестр ижросидаги куй-садолар барчага кўтаринкилик бағишлади.

Бундай тантанали кузатиш маросимлари жойларда давом этмоқда ҳамда халқ ва армия ўртасидаги бирдамликни янада мустаҳкамланишига хизмат қилмоқда.
М.Сулаймонов, ЎзА