Мева-сабзавотчиликда “гектардан – максимал қиймат” тамойилига ўтилади
Жалақудуқ, Марҳамат, Асака ва Андижон туманларидаги адир ерларини иқтисодий айланмага киритиш бўйича янги чоралар белгиланди.
Алоҳида “Агростар” компанияси ташкил этилиб, баҳоргача 4-5 минг гектар майдонга сув чиқариш ва шафтоли, гилос, ўрик, олхўри каби саноатлашган боғларни барпо этиш бошланади. Боғлар уч йил парваришланиб, аҳолига тайёр ҳолда таклиф қилинади.
Ушбу мақсадга 30 миллион доллар, адирларга сув чиқариш учун эса 200 миллиард сўм ажратилади.
Вилоятда етиштирилаётган мева-сабзавотнинг ҳозирча 16 фоизи қайта ишланаётгани қайд этилди. Кичик ускуналарни аҳолига лизингга бериш ва туман брендларини яратиш орқали бу кўрсаткични 30 фоизга, экспортни 500 миллион долларга етказиш мумкин.
Мева-сабзавотчиликда “гектардан – максимал қиймат” тамойилига ўтилади. Кичик қайта ишлаш ускуналарини лизингга бериш учун 100 миллиард сўм йўналтирилади.
Балиқчида 5 гектарда ташкил этилган иссиқхона лойиҳаси республика бўйлаб оммалаштирилади. Бунга 300 миллиард сўм, шу жумладан, Андижонга 50 миллиард сўм ажратилади.
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида Андижон вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли даромадларини ошириш масалалари бўйича йиғилиш ўтказилмоқда.
ЎзА