Метрология ва мувофиқликни баҳолаш соҳаларидаги қонун ҳужжатлари такомиллаштирилмоқда
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигида бўлиб, унинг фаолияти, техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, қонунларнинг ижросини таъминлаш борасидаги ишлар билан танишди.
Учрашув доирасида “Техник жиҳатдан тартибга солиш, метрология ва мувофиқликни баҳолаш соҳаларида олиб борилаётган ислоҳотлар: амалий натижа ва долзарб таклифлар” мавзуида семинар ўтказилди. Семинарда айни вақтда қуйи палатада иккинчи ўқишга тайёрланаётган “Маҳсулотларнинг умумий хавфсизлиги тўғрисида”ги, “Бозор назорати тўғрисида”ги қонун лойиҳаларини такомиллаштириш ҳақида сўз борди.

Муҳокамаларда мазкур қонун лойиҳаларининг мазмуни ва аҳамияти, шунингдек, парламентдаги муҳокамалар давомида билдирилган таклифларга эътибор қаратилди. Ушбу ҳужжатлар маҳсулотлар хавфсизлигини таъминлаш, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва бозор назоратининг замонавий тизимини шакллантиришга қаратилгани билан аҳамиятли экани таъкидлади.

Масалан, “Бозор назорати тўғрисида”ги қонун лойиҳасида маҳсулот муомалага чиқарилгандан кейин унинг хавфсизлигини назорат қилиш механизмлари мустаҳкамланмоқда. Назорат харидлари, мониторинг ва экспертиза каби таъсирчан усулларни қўллаш, номувофиқ маҳсулотларни бозордан чиқариш ва чақириб олиш тартибларини белгилаш назарда тутилган.

Семинарда қонун лойиҳаларини маромига етказишда ўзаро ҳамкорликдаги ишлар бўйича галдаги вазифалар белгилаб олинди.
М.Комилова,
ЎзА