Meta эътиборсизлик учун 567 миллион доллар жарима тўлади
Нью-Мексико суди “Meta” компаниясини ижтимоий тармоқнинг болаларга хавфи ҳақида жамоатчиликни етарлича огоҳлантирмагани учун 567 миллион доллар тўлашга мажбур қилди. Шу тариқа корхонага ушбу масала бўйича қўлланган энг йирик жарима юзага келди. Аввалги 375 миллион долларлик жазо билан бирга умумий сумма 942 миллион долларга етди. Судья Брайан Бидшайд платформадаги оқибатни “оммавий зарар” дея баҳолади ва маблағни келгусида хавфни камайтиришга йўналтиришни буюрди.
Суд қарорининг эътиборли жиҳати маблағ қандай сарфланишида. 420 миллион доллар руҳий ва бошқа тиббий ёрдам дастурларига ажратилади. Қолган қисми ўқитувчи, тиббиёт ходими ва бошқа мутахассисларни ижтимоий тармоқ билан боғлиқ хавфни аниқлаш ҳамда хатарнинг олдини олишга тайёрлаш учун ишлатилади. Судья компания фаолиятини заводга қиёслаб, болаларга етказилган руҳий зарар ва жинсий эксплуатацияни атроф-муҳитга тарқаладиган ифлосланишга ўхшатди.
Қарор фақат пул тўлатиш билан чекланмайди. 18 ёшга тўлмаганлар саҳифаси ёши катталарга тавсия қилинмаслиги, катталар болаларга хабар юбора олмаслиги ва вояга етмаганлар беҳаё хусусиятга эга материални юбориб-қабул қила олмаслиги белгиланди. “Instagram” ва “Facebook”да ўсмирлар учун “лайк” сони яширилади, баъзан “push” хабарнома ўчирилади. Энг кескин чоралардан бири 18 ёшгача бўлган фойдаланувчи учун ҳар икки платформада ойига 90 соатлик лимит жорий этилишидир.
2023 йил Нью-Мексико прокурорлари даъвоси билан бошланган мазкур ишнинг аввалги босқичида “Meta” тавсия алгоритми ёшларни зарарли контент ва хавфли алоқа томон йўналтиргани аниқланган. Компания қарордан норозилигини билдириб, апелляция беришини айтди.
Ҳозир АҚШда шунга ўхшаш ўнлаб даъвога дуч келаётган “Meta” апрель-июнь ойларида 61 миллиард доллар даромад қилган. Шу нуқтаи назардан жарима корхона учун молиявий ҳалокат бўлмаслиги мумкин. Суд қарори эса ижтимоий тармоқнинг болаларга таъсири учун ҳуқуқий жавобгарлик кучайиб бораётганини кўрсатмоқда.
Мусулмон Зиё, ЎзА