Мерганларимиз жаҳон чемпионатида шоҳсупага кўтарилди
Айни кунларда Қатар давлатининг пойтахти Доҳа шаҳрида ўтказилаётган ўқ отиш спорти бўйича жаҳон чемпионатида Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари ажойиб натижага эришишди.
Қувонарлиси шундаки, нуфузли мусобақанинг эркаклар ўртасида 10 метр масофадан пневматик тўппончадан отиш бўйича жамоавий баҳсларда Владимир Свечников, Содиқжон Абдуллаев ва Муҳаммад Камоловлар Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишди.
Ҳамюртларимиз ҳал қилувчи босқичда 1 минг 738 очко жамғариб, бронза медалини қўлга киритишди. Эътиборлиси, ушбу медаль ўзбекистонлик мерганлар учун жаҳон чемпионатлари тарихидаги биринчи соврин ҳисобланади. Мазкур салмоқли муваффақиятга Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти Наманган вилояти кенгаши қошидаги ўқув спорт техника маркази тарбияланувчилари, халқаро тоифдаги спорт усталари Содиқжон Абдуллаев ва Муҳаммад Камоловлар ҳам муносиб ҳисса қўшганлигини алоҳида қайд этиш жоиз.
Бундай тарихий натижа нафақат Наманган вилояти, балки бутун мамлакатимиз спорти учун улкан қувонч ва ғурур-ифтихор бағишлайди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири