Пойтахтимиздаги Халқаро шахмат академиясида “Шуҳрат” медали соҳиби, кўплаб маҳоратли шахматчилар мураббийи Бахтиёр Холмирзаев хотирасига бағишлаб ўтказилган “Memorial Baxtiyor Holmirzaev – 2025” халқаро рейтинг турнири ўз ниҳоясига етди.
Мазкур мусобақада 12 ёшгача бўлган Ўзбекистон чемпионати совриндорлари ҳамда 2000 дан юқори рейтингга эга 4 нафар шахматчи иштирок этди.

Маҳоратли шахматчиларни аниқлаш ҳамда уларнинг рейтинг кўрсаткичларни баҳолаш йўлида ташкил этилган турнирда 9 имкониятдан 7,5 очко тўплаган Хондамир Элмирзаев ғолибликка эришиши ортидан ўз рейтингига 74 балл қўшишга муваффақ бўлди. Кейинги ўринлар 7 очко жамғарган Темур Шавкатов ва Баҳодир Холмирзаевга насиб этди.

12 ёшгача бўлган ўғил болалар ўртасида 4,5 очкога эга Муназзам Сатвалдиев ғолиблик шоҳсупасига кўтарилди.
Мусобақа якунида ғолиб ва совриндорлар диплом, медал ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.
Т. Рўзиев, ЎзА