Мексика зилзиладан жабр кўрган Венесуэлага ёрдам берди
Мексика ҳукумати кучли зилзила оқибатини бартараф этишдан қийналаётган Венесуэла халқига кўмак сифатида икки йирик юк кемасида инсонпарварлик ёрдами жўнатди.
Бу ҳақда Мексика Ташқи ишлар ва Ҳарбий-денгиз кучлари вазирликлари қўшма баёнот берган. Маълум қилинишича, Президент Клаудия Шейнбаумнинг бевосита кўрсатмасига биноан, “Isla Holbox” ва “Huasteco” номли логистика кемалари қарийб 2003 куб/метр ҳажмдаги зарур маҳсулот билан йўлга чиққан. Юк таркибида ичиладиган сув, шахсий гигиена воситалари ва дори-дармон бор. Шунингдек, табиий офат ҳудудида аҳолини тоза сув билан таъминлаш мақсадида соатига 1000 литр сувни тозалаш қувватига эга тўрт махсус ускуна ва хизмат кўрсатувчи техник ходим ҳам жўнатилган.
Кемалар манзилга 6 кунда етиб боради. Эслатиб ўтамиз, ҳафта бошида Мексика томони Венесуэлага 8 электр генератори ортилган махсус самолёт ҳам учирган эди.
Ф.Яхшибоева, ЎзА