Медиа ҳафталик билимларни ошириш, ўзаро тажриба алмашиш майдони бўлди
27 апрель – 1 май кунлари Самарқандда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Оммавий ахборот воситалари учун контент тайёрлаш маркази ташаббуси билан Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси, Ёшлар ишлари агентлиги ва Самарқанд вилояти ҳокимлиги билан ҳамкорликда “Медиа ҳафталик” тадбирлари бўлиб ўтади.
Беш кун давомида вилоятдаги оммавий ахборот воситалари вакиллари, ахборот хизматлари ходимлари, блогерлар ва ижтимоий фаол фуқаролар таниқли медиа экспертлар, контент маркази ходимлари ва маҳоратли журналистлар иштирокидаги семинар ва ўқув машғулотларида иштирок этди.
[gallery-29147]
Бу тадбирларда Ўзбекистон босма медиасидаги контент: амалиёт, муаммо ва ечим, Президент фаолиятини оммавий ахборот воситаларида ёритишнинг асосий йўналишлари, маҳаллий ва халқаро оммавий ахборот воситаларининг ижтимоий тармоқлардаги амалиётидан кейслар таҳлили, сунъий интеллект даврида ахборот майдони ҳимояси ҳамда журналист ва блогерларнинг рақамли гигиенаси, коррупцияга қарши курашишда ОАВнинг роли, медиа менежмент ва молиявий барқарорликнинг замонавий стратегияси каби мавзуларда сўз юритилди. Шунингдек, таҳририятлар техник ходимлари ва операторлар учун амалий машғулотлар ташкил этилиб, эксклюзив медиаконтент тайёрлашнинг замонавий усуллари, бунда сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланиш йўллари ўргатилди. Мобилографлар учун маҳорат дарслари ташкил этилди.
Самарқанд халқаро туризм марказида ўтказилган ҳафталикнинг ёпилиш маросимида Президент Администрацияси ҳузуридаги оммавий ахборот воситалари учун контент тайёрлаш маркази директори ўринбосари Ж.Абдураҳмонов, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси вазифасини бажарувчи Ш.Орипов ва бошқалар тадбирлар юқори савияда ўтганини қайд этди. Машғулотлар давомида 200 нафардан ортиқ журналист ва блогерлар, ахборот хизматлари ходимлари ва соҳага кириб келаётган ёшлар қимматли маълумотларга эга бўлиб, билим ва маҳоратини ошириш билан бирга ўзаро тажриба алмашгани таъкидланди.
Тадбирда контент маркази, журналистлар уюшмасининг бир қатор лойиҳалари тақдимотлари ўтказилди ҳамда ҳафталик иштирокчиларига сертификатлар топширилди.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари