Мажбурий чорадан сўнг қарздор қарзини тўлади
Қарздорлик ўз вақтида бартараф этилмаса, бу мажбурий ижро чораларига сабаб бўлиши мумкин. Сирдарё вилоятида олиб борилган ижро ҳаракатлари давомида қарздорга тегишли «Gentra» русумли автомашина хатланди. Ушбу чорадан сўнг қарздор ўз мажбуриятини бажариб, 62 миллион сўмлик кредит қарзини тўлиқ тўлади.
АТБ «Туронбанк» фойдасига ундирилиши лозим бўлган маблағни қоплаш бўйича суд қарори асосида ижро иши юритилган. Қарздорга қарзни ихтиёрий равишда тўлаш учун белгиланган муддат берилган бўлса-да, талаблар бажарилмагани сабабли Мажбурий ижро бюроси Сирдарё вилояти бошқармаси томонидан мажбурий ижро ҳаракатлари амалга оширилди.
Жараёнда қарздорнинг «Gentra» русумли автомашинаси хатланиб, қонунчиликда белгиланган чоралар кўрилди. Натижада қарздор банк олдидаги мажбуриятини бажарди ва кредит қарздорлиги тўлиқ ундирилди.
Шунингдек, ижро иши доирасида қарздордан 3,1 миллион сўм миқдорида ижро йиғими ҳам ундирилди.
Натижада суд ҳужжати тўлиқ ижро этилиб, ижро иши юритуви якунланди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири