Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Бош директори Тедрос Адханом Гебрейесус билдиришича, маймун чечаги энди глобал соғлиқни сақлаш учун фавқулодда ҳолат эмас.
- Бир йилдан кўпроқ вақт олдин, фавқулодда қўмита маслаҳатига биноан, Африкада маймун чечаги - "mpox" тарқалиши билан боғлиқ халқаро ташвишга сабаб бўлган соғлиқни сақлаш бўйича фавқулодда ҳолат эълон қилинган эди, - деди у жума куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида. - Пайшанба куни қўмита ушбу вазиятни бекор қилишга келишди.
Таъкидланишича, қарор Конго Демократик Республикаси ва бошқа жабрланган мамлакатлар, жумладан Бурунди, Сьерра-Леоне ва Угандада касалланиш ва ўлим ҳолати мунтазам камайиши билан боғлиқ. Қолаверса, мутахассислар вируснинг юқиш йўллари ва хавф омилларини яхшироқ тушуниб олишган.
Февраль ойи охирида ЖССТ маймун чечаги эпидемиясини ҳамон халқаро аҳамиятга эга фавқулодда вазият, деб эълон қилганди. Тузилма маълумотига кўра, 2025 йил 23 февраль ҳолатига кўра, дунёнинг 100 дан ортиқ мамлакати ва минтақасида 127 905 инфекция тасдиқланган, 283 ўлим ҳолати қайд этилган. Камдан-кам учрайдиган мазкур вирусли касаллик иммунитети заифлар учун хавфли. Хасталик иситма, интоксикация, лимфа тугуни йириклашиши ва кейинчалик тошма тарқалиши тарзида намоён бўлади. Аввалига пуфакчага айланадиган доғ пайдо бўлади. Ёрилгандан кейин ярага айланадиган пуфакча ўрнида чандиқ қолади.
С.Раҳимов, ЎзА