Мавсумнинг иккинчи қисми "Сўғдиёна" учун муваффақиятли кечадими?
Футбол: Супперлига
Жиззахнинг “Сўғдиёна” профессионал футбол кулуби учун Ўзбекистон Суперлигасидаги жорий мавсум кутилганидек кечмаяпти.
Ўзбекистон миллий чемпионати АҚШ, Канада ва Мексика мезбонлигида ўтаётган футбол бўйича Жаҳон чемпионати муносабати билан танаффусга чиқилган бир пайтда жамоа мавсумнинг иккинчи қисмида мувафффақиятли қатнашиш учун ҳар томонлама пухта ҳозирлик кўришни бошлади. Бу нафақат жисмоний ва тактик тайёргарликни ошириш, балки таркибни кучайтириш ҳамда мавжуд камчиликларни бартараф этиш учун ҳам муҳим имконият бўлмоқда.

Айниқса, куни кеча расман бошланган ёзги трансфер ойнаси “Сўғдиёна” учун янги имкониятлар эшигини очди. Клуб раҳбарияти таркибда бир қатор ўзгаришларни амалга ошириш, жамоани янада рақобатбардош қилиш йўлида амалий ишларни бошлаб юборди.

Бугунги кунда Суперлигада 16 жамоа иштирок этаётган бўлса, жиззахликлар турнир жадвалида атиги 15-поғонадан ўрин олган. Бу эса кейинги йилларда мамлакат футболида муносиб ўрин эгаллаб, халқаро майдонларда ҳам Ўзбекистон шарафини муносиб ҳимоя қилиб келган клубнинг салоҳияти ва нуфузига мутлақо мос келмайди. Шу боис чемпионатнинг иккинчи қисмида вазиятни тубдан ўзгартириш нафақат жамоа бош мураббийлигига қайтган Улуғбек Бақоев, балки клуб раҳбарияти ва футболчиларнинг ҳам олдида турган энг муҳим вазифалардан бири ҳисобланади.
Мавсумнинг ҳал қилувчи босқичига тайёргарлик доирасида “Сўғдиёна” аввал ўз қароргоҳида машғулотларни бошлади. Шундан сўнг жорий йилнинг 21 июнидан бошлаб Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳрида ёзги ўқув-машғулот йиғинини ўтказди.

Йиғин давомида жамоа бир нечта назорат учрашувларида иштирок этиб, ўз имкониятларини синовдан ўтказди. Дастлаб “ФК Душанбе” устидан 4:1 ҳисобида ишончли ғалаба қозонилди. Бу баҳсда Абдулазиз Абдурашидов икки марта рақиб дарвозасини ишғол қилган бўлса, Жамшид Болтабоев ва Сардор Эркинов ҳам биттадан гол муаллифи бўлишди.
Кейинги назорат учрашувида Душанбе шаҳрининг ЦСКА жамоаси билан 1:1 ҳисобида дуранг қайд этилди. Жиззахликларнинг ягона голини Ойбек Нурматов киритди.

Йиғин доирасидаги сўнгги баҳсда эса Тожикистоннинг кучли клубларидан бири — Мирзо Турсунзода шаҳрининг “Регар-Тадаз” жамоаси 2:0 ҳисобида мағлуб этилди. Голларга Беҳруз Асқаров ҳамда жиззахликлар таркибидаги тожикистонлик легионер Зоир Жўрабоев муаллифлик қилди.
Ушбу йиғин футболчиларнинг жисмоний тайёргарлигини янада мустаҳкамлаш, тактик ҳаракатларни такомиллаштириш ва мавсумнинг иккинчи қисми олдидан таркибдаги ўзаро уйғунликни оширишга хизмат қилди. Энди жамоа тайёргарликнинг кейинги босқичини Ўзбекистонда давом эттиради.
Трансфер бозорида ҳам муҳим қарорлар қабул қилинмоқда. Кейинги йилларда “Сўғдиёна”нинг энг муҳим фигураларидан бирига айланган, Суперлиганинг энг самарали легионерлари қаторида эътироф этилаётган Люпчо Дориев билан ҳамкорлик янада узайтирилди. Янги шартномага мувофиқ, маҳоратли ҳужумчи 2030 йилнинг 31 декабрига қадар Жиззах клуби шарафини ҳимоя қилади.
2023 йил ёзида “Сўғдиёна” сафига келиб қўшилган шимолий македониялик ҳужумчи қисқа вақт ичида жамоанинг ҳақиқий етакчисига айланди. У ҳозирга қадар Суперлигада 74 учрашувда иштирок этиб, 38 та гол урди ва яна 21 та голли узатмага муаллифлик қилди. Бу кўрсаткичлар уни нафақат жамоанинг, балки мамлакат чемпионатининг энг самарали футболчиларидан бири сифатида намоён этмоқда.
Айни пайтда таркибни янгилаш жараёни доирасида айрим футболчилар билан ҳам хайрлашилди. Клуб ҳамда легионерлар Александар Болиевич, Никола Миркович ва Фейсал Мулич ўртасидаги меҳнат шартномалари ўзаро келишув асосида бекор қилинди.
Шубҳасиз, мавсумнинг биринчи қисмидаги натижалар “Сўғдиёна” мухлисларини қониқтиргани йўқ. Бироқ танаффус даврида амалга оширилаётган пухта тайёргарлик, таркибдаги ўзгаришлар ҳамда трансфер сиёсати жамоанинг чемпионатнинг иккинчи қисмида мутлақо бошқача қиёфада майдонга тушишидан дарак бермоқда. Энди бу интилишларни амалий натижалар билан мустаҳкамлаш ва Жиззах футболига муносиб ўринни қайтариш майдондаги ўйинлар орқали исботланиши лозим.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири