Мавсумга тайёргарлик жамоатчилик эътиборида
Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Федерацияси раисининг тегишли буйруғига асосан республика бўйлаб ижтимоий соҳа объектларининг куз–қиш мавсумига белгиланган тартибда тайёргарлик кўриш ҳолати юзасидан жамоатчилик назорати доирасида мониторинг тадбирлари амалга оширилмоқда.
Мазкур мониторинг давомида таълим, соғлиқни сақлаш ва бошқа ижтимоий аҳамиятга эга муассасаларда мавжуд шароитлар, айниқса, мавсумда аҳоли ва ходимлар учун қулай муҳит яратишга қаратилган чора-тадбирларнинг ижроси ўрганилмоқда. Ушбу тадбирларининг асосий мақсади – аниқланган камчиликларни ўз вақтида бартараф этиш, белгиланган меъёр ва талабларнинг тўлиқ бажарилишини таъминлашдан иборат.
Жумладан, Нукус инновацион технологиялар институти ҳамда Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтларида ўрганиш ишлари олиб борилди. Ўрганишлар давомида ўқув хоналаридаги ҳарорат, иситиш тизимларининг ишлаш даражаси, қозонхоналарнинг техник ҳолати ва уларнинг зарур сифати, шунингдек, таълим муассасалари биноларининг бошқа муҳим жиҳатлари атрофлича кўздан кечирилди.

Мониторинг жараёнида масъул шахсларга куз-қиш мавсумига тайёргарликни янада кучайтириш, мавжуд камчиликларни бартараф этиш ҳамда санитария–гигиена ва техника хавфсизлиги талабларига қатъий риоя этиш юзасидан тегишли тушунтириш ва тавсиялар берилди.
Бундай жамоатчилик назорати тадбирлари келгусида ҳам давом эттирилиши режалаштирилган бўлиб, у ижтимоий соҳа объектларида аҳоли манфаатларини ҳимоя қилиш, уларга қулай ва хавфсиз шароитларни яратишга хизмат қилади.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири