Чекка овулларда ҳам куз-қиш мавсумига пухта ҳозирлик кўрилди
Қорақалпоғистон Республикасида иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳаларнинг 2016-2017 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашини таъминлаш, истеъмолчиларга ичимлик суви, табиий газ, электр энергиясини узлуксиз етказиб беришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Қорақалпоғистон Республикасида иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳаларнинг 2016-2017 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашини таъминлаш, истеъмолчиларга ичимлик суви, табиий газ, электр энергиясини узлуксиз етказиб беришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.Чимбой туманида мавсумга пухта ҳозирлик кўрилиб, 172 километр узунликдаги ичимлик суви тармоқлари кўрикдан ўтказилди.
– Корхонамиз томонидан тумандаги 61 ташкилот ва муассаса ҳамда 5 мингдан зиёд аҳоли хонадонлари тоза ичимлик суви билан таъминланмоқда, – дейди туман ичимлик суви тармоқлари корхонаси бош муҳандиси Дуйсенбой Адилов. – Ер ости сув қувурлари, насос станциялари таъмирланиб, мавсумолди тайёргарлик ишлари амалга оширилди. Сув сақлагичларда фильтрлар алмаштирилиб, сув ўлчагичлар, қувурлар махсус ускуна ёрдамида синовдан ўтказилди. Аниқланган камчилик ва нуқсонлар ўз вақтида бартараф этилди.
Чекка овуллар аҳолисининг тоза ичимлик сувига бўлган эҳтиёжини таъминлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу мақсадда жорий йилда 6,3 километрлик янги сув тармоғи тортилиб, ишга туширилди.
Мўйноқ туманида ҳам куз-қиш мавсумига тайёргарлик ва уни ўтказиш билан боғлиқ ишларнинг бажарилиши мутасадди ташкилотлар раҳбарлари, мутахассислар иштирокида муҳокама этилиб, йўл қўйилаётган камчиликларни бартараф этиш чора-тадбирлари кўрилмоқда.
Туман аҳолиси 235 километрлик қувурлар орқали газ билан таъминланган. Хонадонларда қиш фаслида ҳам табиий газнинг узлуксиз бўлишини таъминлаш мақсадида қувурлар тозаланиб, мавжуд газ тақсимлаш пунктлари таъмирдан чиқарилди.
– Куз-қиш мавсуми олдидан 4 юқори босимдаги, 119 ўрта босимдаги газ тақсимлаш пункти таъмирланди, – дейди “Шимолгазтаъминот” унитар корхонаси Мўйноқ тумангаз филиали бош муҳандиси Еркин Есбергенов. –Шунингдек, ҳаво босими остида 25 километр ер усти ва 3,7 километр ер ости қувурлари тозаланди. Жорий йилда қўшимча равишда 2 овул фуқаролар йиғини ҳудудида истиқомат қилаётган аҳолини суюлтирилган газ билан таъминлаш имконияти яратилди. Айни пайтда туманда 943 хонадон ана шундай арзон ва қулай ёнилғидан фойдаланмоқда.
Жойларда амалга оширилаётган бундай чора-тадбирлар хонадонлар ва корхоналарнинг куз-қиш мавсумини кўнгилдагидек ўтказишини таъминлашга хизмат қилади.