Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни кенг нишонланди
Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театрида 27 июнь — Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан байрам тадбири бўлиб ўтди.
Унда оммавий ахборот воситалари, нашриёт ва матбаа ходимлари, блогерлар, матбуот котиблари, соҳа фахрийлари ҳамда талаба-ёшлар иштирок этишди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси Аманбай Оринбаев сўзга чиқиб, йиғилганларни касб байрами билан самимий муборакбод этди.
Таъкидланганидек, сўнгги йилларда мамлакатимизда Президентимиз раҳбарлигида ахборот ва сўз эркинлигини таъминлаш, оммавий ахборот воситаларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, соҳа фидойиларини муносиб рағбатлантириш, аҳолига холис ва ишончли ахборотларни етказиш, турли соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотларни аҳоли ўртасида кенг тарғиб қилиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Мамлакатимизнинг ижтимоий-сиёсий ҳамда иқтисодий ҳаётида юз бераётган ўзгаришлар ва янгиланишларни, айниқса, “Инсон қадри учун” ғояси остида қилинаётган ишларни кенг жамоатчиликка етказиш, бугунги кунда учраётган масала ва муаммоларни ўрганиш, уларга ижобий ечим топиш йўлида соҳа ходимлари томонидан олиб борилаётган ишлар юқори баҳоланади.
Байрам арафасида “Жаслар ТВ” телеканали ва “Нукус ФМ” радиоси бош муҳаррири Илҳамбек Атамуратов “Шуҳрат” медали билан тақдирланди.“Народная слова” газетасининг Қорақалпоғистон Республикаси бўйича мухбири Алёна Аминова "Олтин қалам" ХХ Миллий мукофоти танловининг “Энг яхши журналистик материал” (босма нашрлар) номинациясида учинчи ўринни эгаллади.
Давлатимиз раҳбарининг Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларига йўллаган байрам табригидаги “Мен сизларни – юксак билим ва салоҳиятга эга, ватанпарвар барча журналистларни ўзим учун доимий маслакдош, жонкуяр дўст деб билишимни яна бир бор изҳор этаман”, деган сатрлари ҳар бир соҳа ходимларига ғурур ва ифтихор бағишлайди.
Байрам муносабати билан бир гуруҳ фидойиларга “Ибратли аёл”, “Ватан фидойиси” ҳамда “Умид учқуни” кўкрак нишонлари тантанали равишда топширилди.
Тадбир маданият ва санъат ходимлари томонидан тайёрланган концерт дастури билан давом этди ва байрам дастурхони ёзилди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА мухбирлари