Масъуллар аҳоли мурожаатларига қандай ёндашмоқда?
Ер участкалари, бино ва иншоотларга кадастр ҳужжатларини тайёрлаш, қишлоқ хўжалиги ва тадбиркорлик учун ер майдони ажратиш каби масалаларда аҳоли мурожаатлари кўпаймоқда.
Бу борада ўз вазифасига масъулият билан ёндашмаган, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқишда камчилик ва қонунбузарликларга йўл қўйган раҳбар ва масъул ходимларга ҳам чоралар қўлланилмоқда.
2023 йилнинг 20 февраль ҳолатига кўра, Давлат кадастрлари палатаси Сирдарё вилоят бошқармасига жами 74 та мурожаат келиб тушган. Шундан 54 таси қаноатлантирилган бўлса, 5 тасига умумий тушунтириш бериш орқали кўриб чиқилган ва 15 та мурожаат кўриб чиқиш жараёнида.
Шу билан бирга, 2023 йилнинг ўтган даври мобайнида Давлат кадастрлари палатаси Сирдарё вилоят бошқармаси ва унинг ҳудудий филиалларига жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқишда камчиликлар ва қонунбузарликларга йўл қўйган раҳбар ва масъул ходимларга нисбатан 2 та жарима ва 5 та ҳайфсан, жами 7 та интизомий жазо чоралари қўлланилган.
"Давлат кадастрлари палатаси Сирдарё вилоят бошқармаси томонидан аҳолига кўрсатиладиган барча хизматлар давлат хизматлари марказлари ва Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали амалга оширилиши йўлга қўйилган бўлса ҳам, аҳолимиз томонидан ҳамон ҳудудий филиалларга мурожаат қилиш ҳолатлари мавжуд. Жумладан, ер участкалари, бино ва иншоотларга кадастр ҳужжатларини тайёрлаш, қишлоқ хўжалиги ва тадбиркорлик учун ер майдони ажратиш ҳамда бошқа масалаларда келаётганлигини кўришимиз мумкин", дейди бошқарма бошлиғи Б.Минасипов.
Фуқаролар кадастр паспортини шакллантириш, кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш, маълумотномалар олиш билан боғлиқ ва бошқа йўналишларда кадастр хизматларидан фойдаланиш учун тўғридан-тўғри Давлат хизматлари марказлари ва бевосита my.gov.uz сайти орқали ҳам ариза қолдириши мумкин.
"Давлат кадастрлари палатаси Сирдарё вилоят бошқармаси фаолияти давомида юқорида кўрсатилган масалалар юзасидан фуқароларда мурожаат бўлса, бошқарманинг 67-225-47-10 ҳамда Давлат кадастрлар палатасининг 71-207-00-03 рақамларига қўнғироқ қилиши мумкин", дейди бошқарма бошлиғи Б.Минасипов.
ЎзА