Марказий Осиё ёш етакчилари ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш тарафдори
27-29 октябрь кунлари Тошкент ва Бухоро шаҳарларида илк бор ўтказилаётган «Марказий Осиё ёш етакчилари» минтақавий дастури доирасидаги тадбир ва учрашувлар давомида Марказий Осиё мамлакатлари ҳамда Озарбайжон Республикасининг етакчи ёшлари ўзаро алоқаларни мустаҳкамлашга эътибор қаратишмоқда.
Дастур давомида юртимизга ташриф буюрган минтақа ёшлари Ўзбекистоннинг ёшлар сиёсати борасидаги тажрибаларини ўрганмоқда, ўзаро фикр алмашиш имконига эга бўлишмоқда. Минтақадаги ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашда ёшларнинг ўрни ва иштирокини муҳокама қилишмоқда.
Ёш лидерлар бу борада ўзларининг фикр-мулоҳазаларини билдирди:
Динара САДВАКАСОВА,
Қозоғистон Халқ Кенгаши котибиятининг жамоат бирлашмалари билан ҳамкорлик сектори мудири:
— Бугун биз Ўзбекистонда ҳамда мамлакат парламентида ёшларга алоҳида эътибор қаратилаётганига бевосита гувоҳ бўлдик. Бу борадаги тажрибани ўрганиш биз учун жуда қизиқарли бўлди. Сўнгги ўн йилда Ўзбекистоннинг турли соҳалардаги жадал тараққиётини яқин қўшни давлат сифатида кузатиб келяпмиз ва бундан мамнунмиз.
Айтиш керакки, “Ёш етакчилар” дастури минтақада ёшлар мулоқотини ривожлантириш учун хизмат қиладиган муҳим майдон бўлишига ишонаман. Бу каби дастурлар келажакдаги етакчилар ўртасида халқ дипломатиясини шакллантириш, ўзаро англашув ва минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади, деб ҳисоблайман.

Айсенам ГУЛИЕВА,
Озарбайжон Республикасининг нодавлат нотижорат ташкилоти вакили:
— Марказий Осиё ва Озарбайжон ёш етакчиларига бағишланган ушбу анжуман биз учун жуда муҳим аҳамиятга эга. Муҳокамалар ва очилиш маросими давомида Марказий Осиё мамлакатлари ва Озарбайжон ўртасидаги ҳамкорлик ушбу давлатларнинг геосиёсий манфаатлари нуқтаи назаридан жуда самарали экани алоҳида таъкидланди.
Менинг фикримча, сиёсат фақат юқори даражадаги раҳбарлар фаолияти билангина чекланмайди. У халқлар, айниқса, мамлакатлар ёшлари ва ёш етакчилари ўртасидаги муносабатлар ҳамда ҳамкорликни ҳам қамраб олади.
Айнан шу сабабли мазкур конференцияда иштирок этиш мен учун жуда муҳим. Зеро, ёшлар ўз мамлакатларининг келажаги, улар ўз юртларининг тарихи ва анъаналарини давом эттирувчи авлод. Шу боис, турли мамлакатлар ёшларининг фаоллиги, ўзаро мулоқоти ва ҳамкорлиги ниҳоятда муҳим. Бугун ёшлар ўртасида йўлга қўйиладиган мустаҳкам алоқалар келажакда давлатлар ўртасидаги ҳамкорликни янада юқори босқичга олиб чиқишига ишонаман.
Хайринисо РАСУЛОВА,
Тожикистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Миллий тараққиёт кенгаши котибиятининг миллий маслаҳатчиси:
— Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар кўлами ва эришилаётган натижалар бизда катта қизиқиш уйғотмоқда. Марказий Осиё мамлакатлари ва Озарбайжонда ёшлар аҳолининг катта қисмини ташкил этишини ҳисобга олсак, замон билан ҳамнафас, стратегик фикрловчи авлодни тарбиялаш биз учун жуда муҳим аҳамиятга эга.
Минтақа давлатларида ҳамфикрларимиз борлиги, халқларимиз дўстлиги ва умумий тараққиёт йўлида биргаликда ҳаракат қилаётганимиз қувонарли. Умид қиламанки, бу каби учрашувлар доимий мулоқот майдонига айланиб, бутун минтақа ривожига хизмат қилади.
Бактияр КАЛПАЕВ,
Қирғизистон ва Ўзбекистон парламентлари ўртасидаги дўстлик гуруҳи раҳбари:
— «Марказий Осиё ва Озарбайжон ёш етакчилари» форумида Қирғизистон парламенти депутатлари билан биргаликда иштирок этяпмиз. Мен Ўзбекистон билан чегарадош бўлган ҳудудданман. Мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликни йўлга қўйиш ва янада мустаҳкамлаш биз учун жуда муҳим.
Бугунги кунда ўзаро ҳамкорлик — энг муҳим масалалардан бири. Айниқса, Марказий Осиё ёш етакчилари ўртасидаги ҳамкорлик алоҳида аҳамиятга эга. Чунки Марказий Осиёнинг келажаги, мамлакатларимизнинг эртанги куни ёшларимиз қўлида.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон билан муносабатларимиз жуда дўстона, том маънода биродарлик даражасига кўтарилди. Биз бирдам ва ҳамжиҳат бўлсак, умумий келажагимиз ҳам мустаҳкам бўлади. Бундай жипслик ва ҳамжиҳатлик Марказий Осиё мамлакатларининг келажаги учун ниҳоятда муҳим. Шу боис, биз Марказий Осиё мамлакатлари ва барча қўшни давлатлар билан ўзаро ҳамкорлик қилишга, ёш етакчиларнинг алоқаларини кенгайтиришга тайёрмиз.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА