Бугун Тошкентда Яқин Шарқ ва Марказий Осиё мамлакатлари учун “Huawei Tech Carnival & Partner Summit 2025” минтақавий тадбирининг биринчи кунги сессиялари бўлиб ўтди.
“Интеллектуал дунёни жадаллаштириш” умумий мавзусидаги тадбир Рақамли технологиялар вазирлиги кўмагида Ўзбекистонда илк бор ўтказилиб, у соҳа етакчилари ҳамда экспертларни минтақа рақамли трансформациясида интеллектуал технологиялар имкониятларини муҳокама қилиш учун бирлаштирди.
Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов таъкидлаганидек, Ўзбекистон ўз тарихий мероси ва замонавий инновациялари билан ажралиб туради.
– Юртимизда сўнгги йилларда рақамли технологиялар соҳасида катта ютуқларга эришилмоқда. Тошкентда илк бор ўтказилаётган бу каби йирик тадбирлар бунинг яққол исботидир. Мамлакатимиз туризм ва инвестиция жиҳатидан катта салоҳиятга эга бўлиб, дунё ҳамжамияти билан стратегик ҳамкорликни кенгайтирмоқда. “Huawei” компанияси билан 25 йиллик самарали ҳамкорлик доирасида университетларда ICT академиялари фаолияти йўлга қўйилди, рақамли хизматлар экспорти кенгаймоқда ва ёшлар учун янги иш ўринлари яратилмоқда. Ўзбекистонда аҳоли сони кескин ортиб бормоқда ва бу таълим соҳасида кенг қамровли ислоҳотларни талаб этмоқда. Мактабгача таълим тизими яхшиланиб, барча мактаблар юқори тезликдаги интернет билан таъминланди. Мамлакатимиз бундай йирик халқаро тадбирлар учун майдонга айланиб бораётгани нафақат иқтисодий ўсишга, балки технологик салоҳиятни юксалтиришга ҳам хизмат қилади, – деди вазир.
“Huawei” компаниясининг катта вице-президенти, Яқин Шарқ ва Марказий Осиё бўйича президенти Филипп Ган ўз нутқида Ўзбекистон сўнгги йилларда жадал ривожланаётган мамлакатлардан бирига айланганини қайд этди
– Бугун ушбу нуфузли тадбир доирасида рақамли ақл-заковат соҳасидаги тажриба ва ютуқлар муҳокама қилинди. Компаниялар сунъий интеллект, булутли технологиялар ва интеллектуал тармоқлар орқали турли соҳаларни модернизация қилишга хизмат қилувчи илғор ечимларни тақдим этди. Бу жараёнда рақамли инфратузилмани ривожлантириш орқали иқтисодий ўсишга эришиш имконияти юқори баҳоланди. Марказий Осиё ва Яқин Шарқ мамлакатлари рақамли трансформацияни жадаллаштирмоқда. Масалан, БАА, Саудия Арабистони, Қатар каби давлатлар миллий сунъий интеллект стратегияларини қабул қилган бўлса, Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳам рақамлаштириш, интеллектуал алоқа ҳамда қайта тикланувчи энергия манбаларига таянган иқтисодий моделни шакллантирмоқда. Компаниямиз эса ана шундай жараёнларда стратегик ҳамкор сифатида иштирок этиб, рақамли ечимларни тақдим этишга тайёр, – деди у.
Жаноб Ганнинг таъкидлашича, минтақа учун муваффақиятли рақамли трансформация бешта асосий элементга таянади. Бу – рақамли инфратузилманинг асоси сифатида алоқа, ҳисоблаш, булутли платформалар, шунингдек, “яшил” ривожланиш ва фаровон экотизимни яратишдир. Ушбу элементларнинг амалиётдаги қўлланилиши “Tech Carnival” тадбирининг 50 дан ортиқ кўргазма майдонларида намоён этилмоқда.
Унда иштирокчилар сунъий интеллектга асосланган тармоқлар, янги авлод булутли архитектуралари, оптик технологиялар, маълумотларни сақлашнинг интеллектуал тизимлари ўзаро қандай ишлашини ва комплекс рақамли ечимларни қандай яратишни кўргазмали жараёнларда кузатмоқда.
Тадбир ўз ишини эртага ҳам давом эттиради.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА