Россия ва Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги муносабатлар йилдан-йилга мустаҳкамланиб, ҳамкорлик йўналишлари тобора кенгайиб бормоқда. “Марказий Осиё - Россия” форматида ташкил этилган саммит ҳам ўзаро ҳамкорликнинг янги босқичи ҳисобланади.
Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Одилжон Маматкаримов шу ҳақда муносабат билдирди:
– Марказий Осиё давлатларининг ташқи савдо айланмасида, иқтисодиёт, транспорт, энергетика, логистика, илм-фан, таълим ва инфратузилма соҳаларини ривожлантиришда Россия Федерацияси энг яқин ва асосий ҳамкор давлатлардан бири ҳисобланади.

Марказий Осиё давлатлари билан Россия ўртасидаги алоқаларини янада яхшилаш, ҳамкорлик йўналишлари ва соҳаларини кенгайтиришга янги имкониятлар яратилмоқда.
Юртбошимиз таъбири билан айтганда, “Россия биз учун муҳим, устувор стратегик шерик ва иттифоқчи бўлиб келган, ҳозир ҳам шундай ва келгусида ҳам шундай бўлиб қолишини таъкидлайман. Умумий тарих, кўп асрлик алоқалар, халқларимизнинг маданий ва дунёқараш жиҳатдан яқинлиги, мамлакатларимиз ўртасидаги дўстона ва ишончли муносабатлар бундай ҳамкорликнинг мустаҳкам ва ўзгармас асоси ҳисобланади”.
Қайд этиш лозимки, жаҳонда тобора кучайиб бораётган геосиёсий кескинликлар ва геоиқтисодий инқирозлар Марказий Осиё давлатлари ҳамда Россиядан иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, савдо айланмасини ошириш, транспорт йўлакларини модернизация қилиш, логистика тармоқларини интеграциялаштириш ҳамда транзит имкониятларини кенгайтиришни талаб этмоқда. Бу ишлаб чиқариш, энергетика, озиқ-овқат, саноат ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида ҳамкорликни ошириб, ўзаро товар ва маҳсулотларни айрибошлаш салмоғини янада оширишни тақозо этади. Бир сўз билан айтганда, “Марказий Осиё – Россия” форматида ўтказилаётган саммитлар амалиётдаги ҳамкорликни янада яхшилашга ва мавжуд имкониятларни ривожлантиришга қаратилган янги механизм ҳисобланади.
Душанбе шаҳрида бўлиб ўтган “Марказий Осиё – Россия” форматидаги иккинчи саммитда давлатимиз раҳбари Марказий Осиё ва Россия ўртасидаги кенг кўламли ҳамкорликнинг устувор йўналишларига эътибор қаратиб, ҳамкорлик истиқболлари юзасидан бир қатор таклиф ва ташаббусларни илгари сурди.
Жумладан, давлат раҳбари тизимли сиёсий мулоқотни мустаҳкамлаш ва аниқ натижага қаратилган амалий ҳамкорликни кенгайтириш, ҳар йили олий даражадаги учрашувларни, ҳукуматлар, вазирликлар, идоралар ва ҳудудларнинг мунтазам мулоқотларини ўтказиш, “Шимол – Жануб” йўлагидан самарали фойдаланиш ғоят муҳим эканлигини таъкидлаб ўтди.
Шунингдек, амалий ҳамкорликни кенгайтириш бўйича аниқ чора-тадбирларни ўз ичига олган “йўл харитаси”ни тайёрлаш, ҳукумат раҳбарлари ўринбосарлари даражасида мувофиқлаштирувчи кенгаш тузиш, бозорларга киришни ўзаро енгиллаштириш, тартиб-таомилларни соддалаштириш, “Марказий Осиё – Россия агроэкспресси” лойиҳасини ишга тушириш, “Марказий Осиё – Россия” саноат инжиниринг хабини ташкил этиш каби кўплаб муҳим ва бугунги кунда долзарб бўлган таклифларни билдириб ўтди.
Давлатимиз раҳбари гуманитар ҳамкорликни кенгайтириш мақсадида ҳар йили Этномаданият форуми – Марказий Осиё ва Россия халқлари маданияти, санъати ва ижоди фестивалини ўтказиш, шунингдек, минтақавий йўналишлар асосида сайёҳлар оқимини кенгайтириш бўйича дастурлар қабул қилиш долзарблигини кўрсатиб ўтди.
Шу ўринда қайд этиш лозимки, Этномаданият форумининг ҳар йили ўтказилиши Марказий Осиё ва Россия халқлари ўртасидаги маданий, маънавий ва тарихий боғлиқликни янада кучайтиришга, халқлар ўртасида ўзаро ҳурмат ва ишонч руҳини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Қолаверса, миллий анъаналар, халқ оғзаки ижоди ва санъат намуналарини асраб-авайлашга, турли маданиятлар ўртасида мулоқот ва тажриба алмашиш имкониятларини яратишга ҳамда давлатлар ўртасидаги ҳамкорликнинг нафақат иқтисодий, балки маънавий жиҳатларини ҳам кенгайтиришга ёрдам беради.
Минтақавий туризмни ривожлантириш мақсадида сайёҳлар оқимини кенгайтириш дастурлари қабул қилиниши келгусида Марказий Осиё ва Россия ўртасида туризм соҳасидаги ҳамкорликни янги босқичга кўтаришга, қўшма туризм маршрутлари орқали туристик хизматлар бозорининг кенгайишига, маданий мерос ва туристик имкониятларни кенгроқ тарғиб қилишга, маҳаллий ҳунармандчилик, меҳмонхона, транспорт ва озиқ-овқат соҳаларида янги иш ўринлари яратилишига шароит яратади.
Хулоса қилиб айтганда, “Марказий Осиё -Россия” форматида ташкил этилган саммит миллий манфаатларни мустаҳкамлашга, иқтисодиёт, энергетика, транспорт, таълим, илм-фан, туризм ва маданият соҳаларидаги янги ҳамкорлик имкониятларини яратишга, хавфсизлик чораларини барқарорлаштиришга, ўзаро манфаатли ва тенг ҳуқуқли алоқаларни кенгайтиришга хизмат қилади.
Н.Абдураимова, ЎзА