Марказий Осиё ҳамкорлик ва умумий тараққиёт маконига айланиб бормоқда
Чўлпон-Ота шаҳрида Халқаро Иссиқкўл форумининг юбилей тадбири бўлиб ўтди.
Буюк адиб ва давлат арбоби Чингиз Айтматов ташаббуси билан 40 йил аввал асос солинган форумнинг юбилей тадбири “Дунё цивилизациявий бурилиш даврида: келажак сари биргаликда” мавзусига бағишланди.
Тадбирда Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев иштирок этди. Тадбирда, шунингдек, Россия, Қозоғистон, Хитой, Буюк Британия, Япония, Италия, Испания ва бошқа давлатлар делегациялари ҳамда халқаро ташкилотлар вакиллари қатнашди.

Форумнинг панель сессиясида С.Сафоев дунё чуқур геосиёсий ўзгаришлар ва жиддий маънавий синовлар даврини бошдан кечираётганини таъкидлади. Унинг қайд этишича, бундай мураккаб шароитда минтақада ўзаро ишонч ва ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, қўшма ва ўзаро манфаатли лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш халқларимиз фаровонлиги ҳамда барқарор тараққиётига хизмат қилади.
Зотан, давлат раҳбарларининг қатъий сиёсий иродаси ва саъй-ҳаракатлари туфайли Марказий Осиё бугунги кунда яқин қўшничилик, ўзаро англашув ва умумий тараққиёт маконига айланиб бормоқда. Парламентлараро алоқаларнинг изчил мустаҳкамланиб бораётгани эса мазкур ижобий жараёнларнинг муҳим таркибий қисми бўлиб, давлатлар ўртасидаги мулоқотни кенгайтириш, қонунчилик соҳасида тажриба алмашиш ҳамда минтақавий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилмоқда.
Н.Абдураимова, ЎзА